Давлат харидларида тенг ва холис рақобат муҳитини таъминлаш иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Шу боис, давлат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тендер ва танлов савдоларида қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш муҳим ҳисобланади.
Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида бир қатор давлат харидларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига зид ҳолатлар кузатилгани маълум бўлди. Хусусан:
- Шароф Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 50 млн сўмлик;
- Ғаллаорол туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 295 млн сўмга яқин;
- Жиззах вилояти Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 53 млн сўмдан ортиқ
танлов савдолари ўтказилган ва ушбу жараёнларда тендер қоидаларига зидлик аломатлари аниқланган.
Рақобат қоидаларининг бузилиши нимани англатади?
Давлат харидларида тендер шартларининг бир иштирокчига мослаштирилиши, сунъий чекловлар ёки шаффофликнинг таъминланмаслиги эркин рақобатга путур етказиши мумкин. Бундай ҳолатлар тадбиркорлик субъектларининг тендерларда эркин иштирок этиш имкониятини чеклаб, бозор механизмларини издан чиқариши эҳтимоли бор.
Қўлланган чоралар ва келгуси вазифалар
Аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда ишлар қўзғатилиб, буйрутмачи ташкилотларга қонунчиликка зидликларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатларнинг такрорланишининг олдини олиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Мазкур ҳолат давлат харидларининг шаффофлиги ва рақобатбардош муҳитни таъминлаш борасидаги ишлар ҳали ҳам мукаммаллаштирилишни талаб этишини кўрсатади. Шу боис, келгусида давлат харидларини янада ошкора ўтказиш, тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиш ва коррупцияга қарши механизмларни кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарур.
Жамоатчилик ва бизнес ҳамжамиятининг ушбу жараёнда фаол иштирок этиши, шунингдек, назорат ва мониторинг механизмларининг кучайтирилиши рақобат муҳитини яхшилашга хизмат қилади.