Ўзбекистонда хайрияларни йиғиш ва улардан фойдаланиш бўйича аниқ қоидаларни жорий этиш кўзда тутилган. Бундан буён маблағларни фақат расмий ташкилотлар орқали ўтказиш мумкин бўлади ва йиғим жараёнининг ҳар бир босқичи қатъий назорат остида бўлади.
Ҳомийлик ёрдамини олиш ва тақсимлаш жараёнини тартибга солувчи ҳамда қўшимча назорат чораларини жорий этувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. У фуқароларни фирибгарлардан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасига кўра, хайрия маблағларини фақат давлат рўйхатидан ўтган ташкилотлар йиғиши мумкин ва барча тушумлар қатъий назорат қилинади. Ҳужжат хайрия йиғиш жараёнини тартибга солади, нақд ва нақдсиз хайрия қилиш ҳамда мол-мулкни топшириш бўйича аниқ талабларни белгилайди.
Бундан ташқари, бундай йиғимлар тўғрисидаги барча маълумотлар ОАВ ва бошқа очиқ манбаларда ёритилиши керак бўлади.
Хусусий шахслар хайр-эҳсон йиғиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар, лекин фақат ўз фойдалари ёки яқин қариндошлари учун маблағ йиғишлари мумкин. Волонтёрларга хайрия йиғимлари тўғрисида маълумот тарқатишга рухсат берилади, аммо пул қабул қилиш таъқиқланади.
Қўшимча хавфсизлик чоралари нақд пул маблағларини йиғиш жараёнини қатъий назорат қилишни назарда тутади. Хайрия қутиларини фақат расмий ташкилотлар ўрнатиши мумкин, улар шаффоф бўлиши ва жойлаштириш жойи олдиндан эълон қилиниши лозим. Қутиларнинг очилиши гувоҳлар иштирокида видеотасвирга олинади ва йиғилган маблағлар тўғрисидаги ҳисоботлар очиқ манбаларда эълон қилинади.
Янги қоидаларга риоя қилмаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.