2025 йил 7 август куни Тошкентдаги Бунёдкор стадионида дунёга машҳур америкалик қўшиқчи Женнифер Лопеснинг “Up All Night – Live in 2025” концерт дастури бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистондаги илк чиқиши сифатида тарихга кирди. Концерт Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан халқаро маданий ҳамкорлик ва мамлакат туризм салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Женнифер Лопес нафақат қўшиқчи, балки актриса, раққоса ва фильм продюсери сифатида ҳам таниқли. У 1997 йилда “Селена” фильмидаги роли орқали кенг эътироф топган ва “Олтин глобус” мукофотига сазовор бўлган. Кейинчалик “Анаконда” ва “Out of Sight” каби фильмларда қатнашган, Голливуднинг энг кўп ҳақ тўланадиган лотин актрисаларидан бирига айланган.
Айнан шу гастрол доирасида, 3 август куни Лопес Арманистон пойтахти Еревандаги Республика стадионида ҳам концерт берган. Бироқ у ердаги тадбир бошқа йўналишдаги муҳокамаларга сабаб бўлди — “Sputnik Армения” нашри ёзишича, концертдан сўнг стадионнинг чими жиддий зарар кўрган. Манбалар майдон ҳозирда футбол ўйинлари ўтказиш учун мутлақо яроқсиз ҳолатга келганини таъкидлашган.
Бу ҳолат Арманистон чемпиони “Нух” клуби Европа Лигасининг плей-офф босқичига йўл олган тақдирда ҳам ўйинни ушбу стадионда ўтказиш имконини шубҳа остига қўяди. Ушбу воқеадан сўнг стадион раҳбарияти тиклаш ишларини бошлаганини маълум қилди. Директор Ашот Барсегяннинг сўзларига кўра, чим фақат бироз сарғайган ва уни суғориш ҳамда текислаш билан тузатиш мумкин. Бироқ маҳаллий манбалар бу етарли эмаслигини айтишмоқда.
Ўзбекистондаги концерт ташкилoтчилар ва мухлислар томонидан ижобий баҳоланган бўлса, Арманистондаги тадбир стадион инфратузилмасига етказилган зарар билан ёдда қолди. Бу эса, йирик маданий тадбирларнинг техник ва логистик томонлари етарлича ҳисобга олиниши зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.