Бир кўришда севгига ишонасизми?
«Одам-амфибия» фильми қаҳрамони – Ихтиандр бу саволга «Бошқача севги ҳам бўладими?!..» дея жавоб беради.
Балки, бошқача севги ҳам бўлар...
Лекин денгиз фарзанди – Ихтиандр, ер қизи – Гуттиэраники каби бахтли учрашувлар камдан-кам содир бўлади.
«Одам-амфибия» фильми ва унинг қаҳрамонлари ўзбек томошабинига жуда яхши таниш ва севимли.
Бунда албатта, фильм дубляжининг ўрни беқиёс!
Дубляж режиссёри Илёс Ёқубов ушбу фильм дубляжига бир қатор атоқли актёрлар қаторида Гуттиэра образига овоз бериш учун 20 ёшли Маҳфуза Ҳошимова (Ҳамидова)ни ҳам таклиф этганди...
Ўша кун бўлажак актрисанинг ҳаётида энг бахтли кун бўлиб қолишини ҳали у билмасди...
Маҳфуза Ҳамидова
1941 йилнинг 1 ноябрида Тошкентда, зиёли оилада туғилган.
Ўзбекистон телевидениесининг фахрий телережиссёри.
Дубляж актрисаси.
Талабалик пайтидан «Ўзбекфильм» қошидаги дубляж студиясида тажриба орттирган актрисанинг овоз берган энг машҳур роли – «Одам-амфибия» фильмидаги Гуттиэра образидир.
Шунингдек, актрисанинг бетакрор овози «Оқ карвон», «Қўшиқ чорлайди», «Хайр, кабутарлар», «Евдокия» каби ва яна бошқа кўплаб фильмларда ҳам муҳрланган.
— Маҳфуза опа, Сиз бахтли инсон, бахтли аёлсиз! Умр йўлингизда сиз учратган инсонларнинг ҳар бири алоҳида дунё. Инсон ҳаётида шундай учрашувлар содир бўладики, бу учрашувларни эслаганингиз сари эслагингиз келаверади ва ўша учрашувлар билан боғлиқ хотиралар нақадар бахтли эканлигингизни такрорлаб туради гўё... Сизнинг таржмаи ҳолингизда бундай бахтли ва омадли учрашувлар бисёр. Улардан бири – Сизнинг «Ўзбекфильм» киностудияси қошидаги дубляж студияси ва унда «Одам-амфибия» фильмининг бош қаҳрамони – Гуттиэра билан учрашувингиз тақдирнинг сизга кутилмаган инъоми эди... Мана шу учрашув қандай содир бўлганди?
– Ҳақиқатда ҳам, Гуттиэра мен учун тақдирнинг инъоми бўлган. Ўшанда 20 ёшда эдим. Театр ва рассомлик институти «Театр актёрлиги» бўлимининг 2-босқичида ўқиётган кезларим. Бу пайтда дубляжга анча қатнаб, бу санъатнинг сирларини яхшигина тушуниб қолгандим. Эпизодларни бемалол дубляж қила олардим.
Дубляж қоидаси бўйича дубляж режиссёри иш бошлашдан олдин фильмни бир кўриб олар, сўнгра ролларни тақсимлаб, рўйхат тузар ва шу рўйхат асосида актёрларни чақириб, фильмни уларга кўрсатар эди. Бир куни «Одам-амфибия» фильмини кўришга дубляж режиссёри Илёс Ёқубов мени ҳам чақирдилар.
Кўрик давомида экранда пайдо бўлган қаҳрамонни Илёс ака – «Бу фалончи!» – деб айтиб турардилар. Гуттиэра экранда пайдо бўлганда, «Маҳфуза!», – дедилар Илёс ака. Этим музлаб кетди. Сабаби, мен ҳали бу пайтгача бош қаҳрамонни дубляж қилмаган эдим-да. Кўрик тугагач, Илёс ака бугунги дубляжда банд актёрлар рўйхатини ўқидилар, қолганларга эса жавоб бердилар. Мен ўша куни банд актёрлар қаторида эмасдим. Лекин кетмадим ҳам. Балки, ҳаяжондан кетолмадим.
Илёс Ёқубов менга қараб: «Ҳа?...» , – деб юзландилар. Мен эса, «Илёс ака, мен ҳали бош қаҳрамонлар дубляжига ўтганим йўқ-ку... Катта роль экан, эплай олармиканман? Ё ташқаридан бирорта тажрибали актриса чақирасизми?», – деб очиғини айтдим. Илёс ака қарорида қатъий ва ишонч билан: «Эплайсан! Ёрдам берамиз! Қачондир бош қаҳрамонга ўтишинг керак-ку!... Вақт-соати етди, мана. Ўзинг ҳам Гуттиэрага ўхшаб кетасан, кўзинг ҳам уникидек мовий», – дея суҳбатга якун ясадилар.
— «Одам-амфибия» фильмининг дубляж жараёнида Сиз бир қатор ўзбек киносининг улуғ актёрлари, дубляж усталари билан ёнма-ён ишлаш бахтига муяссар бўлгансиз. Бир томондан, бу воқеа институтнинг иккинчи босқич талабаси, 20 ёшли, ҳали катта тажрибага эга бўлмаган қиз учун ўта ҳаяжонга бой бўлгани ҳам табиий. Мана шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, фильм дубляж режиссёри, устозингиз Илёс Ёқубовнинг билдирган ишончлари туфайли, биз бугун Гуттиэрани сизни овозингизда тинглаб, ҳис қилиб, унинг дардига ҳамдард бўламиз.
– Устоз ишончи шогирд учун жуда муҳим. Устозим Илёс аканинг ишончи қалбимда «Келажакда мен санъатда ўз ўрнимни топа олар эканман!» мазмунидаги умидни учқунлантирган.
«Одам-амфибия» фильми мени элга танитди. Ҳозир ҳам, келажакда ҳам «Одам-амфибия» ёшларнинг севимли, кўримли фильми бўлиб қолади, деб ўйлайман. Фильм яшар экан, демак, мен ҳам фильмнинг ўзбекча нусхасида яшайман! Мени овозим яшайди!...
— Партнёрларингизга тўхталсак. Мазкур фильм дубляжида Сизнинг асосий партнёрларингиз Наримон Латипов, Ҳамза Умаровлар бўлишган. Улардан нималарни ўргандингиз? Улар дубляжда қандай ишлашарди?
– Дубляждаги фаолиятимда элга танилган, атоқли, иқтидорли актёрлар билан ёнма-ён туриб, ижод қилиш бахтига муяссар бўлдим. Улардан бири, «Одам-амфибия» фильмида журналист Ольсенга овоз берган машҳур актёр, режиссёр, улуғ санъаткор Раззоқ Ҳамроевдир. У киши билан биргаликда ижод қилиш, мен учун шараф бўлган.
Раззоқ ака сўз устаси эдилар, сўз бойликлари кенг эди. Нафақат ўз матнларига, балки мени матнларимга ҳам эътибор берардилар. Гоҳида бирорта сўзни ўрнига уни дурустроқ муқобилини топиб, алмаштиришни таклиф этардилар. Гуттиэрани ўзбек тилидаги нутқи янада гўзалроқ бўлишида албатта, Раззоқ аканинг ҳам ҳиссаси бор.
Фильм дубляжидаги яна бир партнёрим, Гуттиэрани ошиғи – характерли образ Педро Зуритани қойилмақом қилиб, ўзбекча «гапиртирган» актёр Ҳамза Умаровдир. Бу инсонни ўзбек дубляж санъатининг профессори, деб биламан. Ҳамза акадан мен асосан, бир нарсани ўргандим. Дейлик, диалогимизда мен улардан сўнг дарҳол гапиришим керак. Қулоқчиндан овоз келгандан сўнг гапирсам, кечикяпман. Буни сезган Ҳамза ака бундай ҳолатда экрандаги кадрни эслаб қолиб, айни ўша кадр кўриниши биланоқ гапира бошлаш керак, деб ўргатдилар. Репетиция қилдик. Яна кечикдим. Шунда Ҳамза ака: «Мен сени туртаман. Сен ўшанда гапир!», – дедилар. Дубляж актёрлари «туртиш» усули нималигини яхши билишади. Қўлингизда матнни ушлаб турган ҳолатингизда, ёнингиздаги партнёрингиз биқинингизга тирсаги билан бир туртса, албатта, матнни беихтиёр ўз вақтида ўқиб юборасиз-да!... Шундан кейин, матнни ҳеч кечикмай ўқийдиган бўлдим.
Ихтиандрга ўзига хос овоз эгаси, ноёб актёр Наримон Латипов овоз берганлар. Ўша пайтда Наримон ака дубляж соҳасининг анча тажрибали усталари қаторида эдилар. Кейинчалик, телеэкранда фильмни томоша қилганимда, бир нарсани сездим. Устозимиз Илёс Ёқубов актёрларни нафақат овоз характер хусусиятига кўра, балки ташқи кўринишига ҳам қараб танлаган эканлар. Чунки, Наримон ака ҳам Ихтиандрга жуда ўхшаш эдилар. Юз тузилишлари, қуюқ жингалак сочлари Ихтиандрни эслатарди. «Ўзи ўхшаса, овози ҳам ўхшайди!», – деб актёрларни шундай танлаган эканлар-да Илёс ака. Изланувчан актёр Наримон Латипов Ихтиандрни денгиз одами сифатида сўзлатганлар. Бунда актёр томонидан ғайритабиий, ерликларнинг овозига хос бўлмаган оҳанг топилган. Ихтиандрни тинглаб, денгиз ҳайбатини, хаста кўнгил ва оташ севги ҳароратини ҳис қиласиз.
— Гуттиэра образи Сизнинг ҳаётингизда қандай из қолдирди?
– Узун сочларим бор эди. Иккита ёки битта қилиб ўриб, орқамга ташлаб юрардим. Сочимни кесиб, Гуттиэра соч турмагидан намуна олдим. Нафақат мен, балки кўпчилик қизларнинг Гуттиэрага ўхшагилари келарди. Гуттиэра образини талқин этган актриса Анастасия Вертинскаяга бу роли машҳурлик олиб келди. Нафақат у, балки мен ҳам «Одам-амфибия» фильмининг ўзбекча нусхасида Гуттиэрага овоз бериб, тажрибадан ташқари, машҳурлик, юлдузлик онларини ҳис қилиш бахтига муяссар бўлдим.
— «Одам-амфибия» фильмидаги энг севимли диалогингиз?
– Албатта, Ихтиандр ва Гуттиэранинг қоялар устидаги илк учрашув эпизоди ва унда янграган сўзлар ҳанузгача қалбимда!.. Орқаларида денгиз ва иккисининг кўзлари ҳам денгиз рангида. Гуттиэра: «Ихтиандр! Ҳой, Ихтиандр!», – деб гап бошлайди. Шунда Ихтиандр ҳовучидаги марваридларни Гуттиэрага тутқазади. «Йўқ, мен буларни ололмайман...», – дея жавоб қилган Гуттиэрадан хафа бўлган Ихтиандр нари кетади. Ва шундай дейди: – «Мендан шу арзимаган нарсани ҳам олмадинг!.. Демак, мени севмас экансан-да?...» Жуда чиройли эпизод ва гўзал севги изҳори!...
— Фильм фалсафасини қандай мушоҳада этасиз? Сизнингча, бугун ҳам ёшларнинг маънавий қиёфасида Гуттиэра ва Ихтиандр жуфтлигини учратиш мумкинми?
– Албатта, мумкин! Асар муаллифи, ёзувчи Александр Беляев ўз даврида ажойиб ғояни ўртага ташлаб кетган, уни амалга ошириш кейинги авлод қўлида. Миянинг имкониятлари чексиз. Ҳозирги кунда ҳамма фойдаланаётган уяли телефонни мисол қилиб олайлик. Буни техника имкониятларининг чўққиси, деса бўлади. Хазинанинг ўзгинаси! Агар ундан тўғри фойдаланилса, кенг миқёсдаги билим ўчоғи. Азал-азалдан, эртакларда одамлар учар гиламда саёҳат қилишни орзу қилишган. Орзулар рўёбга чиқдими? Чиқди! Самолётлар пайдо бўлди. Космосни ўзлаштириш борасида ҳам катта ютуқларга эришилган. Олим Сальватор орзу қилган сув ости мамлакати ҳақидаги ўйлар ўз тасдиғини топар балки... Унда ҳозирги замон Ихтиандр ва Гуттиэралари ҳаёт кечиришар балки... Ажабмас! Орзуга айб йўқ! Умид билан яшаб кўрайликчи!..
Лобар Қобилова суҳбатлашди.