ЖИЗЗАХДА ЁНҒИН: РАСМИЙЛАР ВА ГУВОҲЛАР БАҲСИ (Тезкор хабар)

Улашиш:

Жиззах шаҳридаги “Халқабод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, буюм бозори яқинида 17 май куни тушдан кейин ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар хизматига соат 13:26 да тушган хабарга кўра, ёнғин чойхона биносида бошлангани қайд этилган.

2 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳодиса жойига йўналтирилиб, соат 13:39 да ёнғин қуршаб олинган. Ҳозирда ёнғинни тўлиқ бартараф этиш ва сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, ёнғин бозорда эмас, балки унга туташ ошхонада рўй берган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган “бозор ёняпти” мазмунидаги хабарларни “асоссиз” деб баҳолаб, жамоатчиликни нотўғри маълумот тарқатмасликка чақирди.

Бироқ, воқеа гувоҳлари, жумладан маҳаллий савдогарлар ва атрофдаги фуқароларнинг айтишича, ёнғин тўғридан-тўғри буюм бозорига ҳам таъсир кўрсатган. Уларнинг таъкидлашича, аланга 3–4 қатор савдо расталаригача ёйилган. Айрим фуқаролар ўз мол-мулкларини қутқариш мақсадида хавфли шароитда бозорга киришга мажбур бўлганини айтишмоқда.

Видеолавҳалардан скриншот

Бу ҳолат расмий баёнот ва воқеа гувоҳларининг гаплари ўртасида фарқ борлигини кўрсатмоқда. Ҳозирда расмий органлар томонидан терговолди текшируви давом этмоқда ва барча ҳолатлар ўрганилади.

Жиззах вилояти ФВБ фуқароларни фақат ишончли ва расмий манбалар орқали тарқатилаётган маълумотларга эътибор қаратишга чақирмоқда.

Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.