Жиззахда “Деҳқон бозорлари”да озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича рейдлар: инсон истеъмоли учун яроқсиз 150 кг маҳсулот аниқланди

Улашиш:

Жиззах вилоятида кузатилаётган юқори ҳароратли кунлар озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини сақлашда жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Айниқса, музлатгичсиз ёки номаълум шароитларда сақланаётган маҳсулотлар тезда истеъмолга яроқсиз ҳолга келиши мумкин. Шу боисдан аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жойларда текширув ва назорат ишлари кучайтирилди.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари билан ҳамкорликда шаҳар ҳудудидаги "Деҳқон бозорлари"да кенг қамровли профилактик рейд тадбирлари олиб борилмоқда.

Шу каби тадбирлардан бирида, айрим савдогарлар томонидан сотувга қўйилган сифати шубҳали озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди ва белгиланган тартибда ветеринария лабораториясига экспертиза учун юборилди. Лаборатория хулосаларига кўра:

  • 80 кг инсон истеъмоли учун яроқсиз гўшт,

  • 48 кг номаълум шароитда тайёрланган салат,

  • 25 кг санитария талабларига жавоб бермайдиган сут маҳсулотлари
    аниқланди ва дарҳол савдодан олиб ташланди.

Аниқланган яроқсиз маҳсулотлар қонунчиликка мувофиқ йўқ қилинди ҳамда мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби назорат тадбирлари доимий равишда давом эттирилади. Шу муносабат билан бозорларда савдо қилаётган тадбиркорларга мурожаат қилинади: арзимаган моддий фойда йўлида фуқаролар саломатлигига таҳдид солиш — қонунбузарлик ҳисобланади ва бундай ҳолатларга қарши қатъий кураш олиб борилади.

Жиззах вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бўлими карантин тадбирларини таъминлаш командири майор И.Т. Бобомуродов таъкидлаганидек, ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятида санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилиши, фақат белгиланган шартларда сақланган ва истеъмол учун хавфсиз маҳсулотлар билан савдо қилиши шарт.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.