Netflix Амир Темур ҳақидаги тарихий фильмни ёз охирида намойиш этади

Улашиш:

Netflix стриминг платформаси “Темурланг. Сўнгги жаҳонгирнинг юксалиши” номли янги тарихий фильм суратга олиш ишларини якунлади. Лойиҳа буюк давлат арбоби ва ҳарбий саркарда Амир Темур ҳаёти ва сиёсий меросига бағишланган.

Фильмнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида тасвирга олинди. Сценарий бўйича Амир Темурнинг ҳокимиятга келиш жараёни, унинг юксалиши ва қолдирган тарихий мероси намоён этилади. Лойиҳани суратга олишда асл тарихий манзаралар, аниқ реконструкция қилинган либослар ва ўша давр муҳитига мос декорациялардан фойдаланилган.

Фильмда бош ролни Кристиан Мортенсен ижро этган. Шунингдек, Маҳеш Жаду ва ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова ҳам иштирок этган. Режиссёр Жейкоб Шварц, сценарий муаллифи эса Метю Грин ҳисобланади. Жанговор саҳналарни саҳналаштиришда Қозоғистоннинг машҳур "Nomad Stunts" каскадёрлар гуруҳи иштирок этди.

Лойиҳада тарихий аниқликни таъминлаш мақсадида ўзбекистонлик олимлар ва тарихчилар билан ҳамкорлик қилинди. Ижодий гуруҳнинг таъкидлашича, фильмда Темур салтанатининг моҳияти, Марказий Осиё маданияти ва ўша даврнинг реал воқеалари юқори сифатда акс эттирилган.

Фильмни суратга олиш ишлари 2023 йил кузида якунланган бўлиб, ҳозирда пост-продакшн босқичида. Премьера 2025 йил ёзи охирида Netflix платформасида тақдим этилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Амир Темур шахсиятига бағишланган бир қатор ижодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар орасида Стефано Поданинг “Темурланг” операси ҳам бор бўлиб, у Тошкентдаги Навоий театри саҳнасида намойиш этилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.