Якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат берилади

Улашиш:

Ўзбекистонда якка тадбиркорларга заргарлик буюмлари билан савдо қилишга расман рухсат берилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни маҳаллий саноатни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

“Заргарларимиз ўз маҳсулотини расмий асосда сотиши, брендини яратиши ва бозорда рақобатбардош бўлиши учун барча шарт-шароитни яратиб беришимиз керак”, — деди давлат раҳбари.

“Соя”даги иқтисодиётни аниқлаш ва қонунийлаштириш

Президент сўзларига кўра, ҳозирги кунда юртимизда йилига 550−600 миллион долларлик тилла буюмлари норасмий бозорларда айланмоқда. Бу эса иқтисодиётда "соядаги" улушнинг юқорилигидан далолат беради. Масалан, 2020 йилда мустақил изловчилар томонидан 40 кг олтин топширилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 100 баробар камайган.

Миллий брендга айланиш имконияти

Заргарлик соҳасида миллий бренд яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида, чет элдан дизайнер, технолог ва геммологларни таклиф қилиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Хусусан:

  • Ҳар бир мутахассис учун 2,5 минг долларгача харажат қопланади,

  • Аммо бу имкониятдан фойдаланувчи мутахассис камида 5 нафар шогирд тайёрлаши шарт қилиб белгиланди.

Шунингдек, нуфузли халқаро брендлар билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш, уларнинг дизайни ва қолипларини олиб келиш харажатларининг 30 минг долларгача қисми давлат томонидан молиялаштирилади.

Солиқ имтиёзлари ва бозордаги янгиликлар

  • Заргарликда ишлатиладиган ускуна ва бутловчи қисмлар импорт божидан озод қилинади.

  • Олтинни Навоий ва Олмалиқ комбинатларидан бўлиб тўлаш шартида харид қилиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади.

  • Якка тадбиркор сифатида фаолият юритаётган заргарлар расмий савдога қўшилиши, норасмий расталар замонавий кўринишга келтирилиб, қонунийлаштирилиши белгиланди.

Иқтисодий кўрсаткичлар

2024 йилда Ўзбекистонда заргарлик ишлаб чиқариши 200 миллион доллардан ошди. Экспорт ҳажми эса 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларга етди. Шу билан бирга, мамлакатда йилига 100 тоннадан ортиқ олтин қазиб олинса-да, имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани таъкидланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.