Xiaomi корпорацияси технология ва экологик ёндашувни уйғунлаштирган навбатдаги смартфони — Civi 5 Pro Iced Americano’ни тақдим этди. Ушбу гаджет нафақат техник жиҳатлари, балки ноанъанавий материали ва қаҳва ҳиди билан ҳам ажралиб туради.
2025 йил 28 май куни расман намойиш этилган Civi 5 Pro Iced Americano смартфони корпуси қайта ишланган қаҳва қуруғи материалидан тайёрланган бўлиб, ундан енгил американо ҳиди келади. Ушбу материал нафақат эстетик, балки экологик жиҳатдан ҳам аҳамиятга эга.
Смартфон 6,55 дюймлик OLED дисплей билан жиҳозланган бўлиб, 120 Гц янгиланиш частотасини қўллаб-қувватлайди. Ишлаш самарадорлиги учун эса сўнгги авлод Snapdragon 8s Gen 4 процессори жойлаштирилган. Қурилма 6000 мАч сиғимдаги батарея ва 67 ваттли тезкор зарядлаш технологияси билан таъминланган.
Камера жиҳатидан, Civi 5 Pro селфи учун 50 мегапикселли олд камерага эга. Асосий камера модулда 50, 50 ва 12 мегапикселлик учта сенсор мавжуд бўлиб, улар орасида телевик ва кенг бурчакли линзалар ҳам бор.
Смартфон ҳозирча фақат Хитой бозорида сотувга чиқарилган. Унинг бошланғич нархи 2999 юанни (тахминан 410 АҚШ доллари) ташкил этади.
Компания вакилларининг таъкидлашича, Civi 5 Pro нафақат технологияда, балки дизайн ва экологик ёндашувда ҳам янгиликка интилиш натижасидир. Қайта ишланган қаҳвадан фойдаланиш орқали Xiaomi атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Мазкур смартфон, ўзининг инновацион материаллари, юқори техник кўрсаткичлари ва ғаройиб дизайни билан гаджет бозорида янги йўналиш яратаётгани қайд этилмоқда.