Тошкент шаҳар Туризм бошқармаси 5 июнь куни БААга турпакетлар орқали туристлар юборилишини вақтинча чеклаш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу чора Абу-Дабида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — БАА терма жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионати саралаш учрашуви муносабати билан кўрилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, “Ал Ваҳда” стадионидаги 12 минг ўриндан фақат 960 таси меҳмон мухлисларга ажратилган. Мухлислар сони 5 минг нафарга етиши кутилгани сабаб, ўйингоҳда ўрин етишмаслиги ва шу билан боғлиқ хавфсизлик муаммолари юзага келиши эҳтимоли юқори экани таъкидланган.
Шунга қарамай, айрим спорт блогерлари ва ташаббускорлар томонидан ижтимоий тармоқларда мухлисларни оммавий тарзда олиб бориш тарғиботи олиб борилган. Бу эса стадион сиғимининг меъёрдан ортиқ юкланиши, ташкилотчиликда ноқулайликлар ва тартиб бузилишлар хавфини оширган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти 2025 йил 29 апрелда расмий баёнот бериб, БААда хавфсизлик чоралари кучайтирилганини эслатган ва туристлар оқимини назорат қилиш зарурлигини билдирган.
Шу муносабат билан туризм агентликлари ва мухлисларга ушбу кунларда БААга сафарларни режалаштиришда эҳтиёт бўлиш, расмий манбалар орқали маълумот олиш тавсия этилди.