Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги «ITS Asia Pacific Forum 2025» халқаро форуми доирасида ўтказилган музокаралар якунлари бўйича маълум қилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси Корея Республикаси Ер, инфратузилма ва транспорт вазири Парк Сангву ҳамда “Korea Expressway Corporation” корпорацияси президенти Хам Жингю билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар чоғида қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
Автомагистраллар бошқаруви, ақлли светофорлар ва сунъий интеллектга асосланган ҳаракатни бошқариш тизимларини Ўзбекистонда жорий этиш;
Корея ҳукумати томонидан техник ёрдам кўрсатиш ва мутахассислар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш;
Йўл инфратузилмасини рақамлаштириш, жумладан, ақлли толлинг, сенсор тизимлари ва ҳаракат мониторингини жорий этиш бўйича ҳамкорлик.
Шунингдек, музокараларда “Тошкент–Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш” ДХШ (давлат-хусусий шериклик) лойиҳаси доирасида “Korea Expressway Corporation” иштирокини таъминлаш таклифи билдирилди.
Транспорт вазирлиги таъкидлашича, ушбу ҳамкорлик йўл инфратузилмасини рақамлаштириш ва замонавий технологиялар асосида самарали бошқарувни ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.