3 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат қарзи борасида баёнот берди. Унинг таъкидлашича, давлат қарзи муаммо эмас, аксинча — ўсиш сари интилган иқтисодиётнинг табиий эҳтиёжидир.
«Ҳар бир доллар мақсадли олиняпти»
Қўчқоровнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ташқи қарзни ҳар доим аниқ мақсадлар билан ва синчков ҳисоб-китоблар орқали жалб қилмоқда.
«Ўсиб келаётган иқтисодиётимиз кўп маблағ талаб қилади. Йўл, ичимлик суви, энергетика, уй-жой қурилиши, мудофаа ва чегара хавфсизлиги – буларнинг барчаси харажатларни талаб қилади. Шу сабабдан давлат харажатларининг маълум қисми ташқи қарз ҳисобига молиялаштирилмоқда», – деди вазир.
Қарз кўрсаткичлари қандай?
2025 йил 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 42,4 миллиард долларга етган:
35,6 млрд доллар — ташқи қарз;
6,9 млрд доллар — ички қарз.
Бу ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 33,5 фоизини ташкил этади. Қонунга кўра, бу кўрсаткич ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги керак.
«ЯИМ ҳажми 115 миллиард долларга етган. Қарзга оид ҳар бир қарор юқори даражада кўриб чиқилади. Ҳар бир долларнинг нима мақсадда сарфланиши қатъий назоратда. Бунинг уятли жойи йўқ», – дейди вазир.
Қарзнинг манбалари
Халқаро молия институтлари:
Жаҳон банки — 7,74 млрд доллар
Осиё тараққиёт банки — 7,44 млрд доллар
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — 3,1 млрд доллар
Хитой Тараққиёт банки ва Эксимбанки — 3,6 млрд доллар
Хорижий облигациялар:
5,66 млрд долларлик халқаро облигациялар
Давлат қарзи сарфланган соҳалар:
Қишлоқ ва сув хўжалиги — 6 млрд $
Ёқилғи-энергетика — 5,9 млрд $
Электроэнергетика — 3,9 млрд $
Уй-жой коммунал хўжалиги — 2,9 млрд $
Транспорт ва инфратузилма — 2,8 млрд $
Соғлиқни сақлаш, таълим ва ИКТ — 2,5 млрд $
Нефть ва газ — 1,7 млрд $
Хулоса: қарзга қарашда янги ёндашув
Жамшид Қўчқоров ўз чиқишида “қарз олиш уят эмас, зарурат” деган позицияни очиқ билдирди. Унга кўра, мамлакат ривожланиш босқичида турибди ва инвестициявий харажатларнинг маълум қисми ташқи манбалар ҳисобидан қопланиши табиий ҳол.
Шу билан бирга, вазир ҳар бир доллар қарзнинг қай йўналишда ишлатилаётгани аниқ ҳисоб-китоб ва ҳужжатлар асосида амалга оширилишини таъкидлади.