Бойликка интилиш, заҳмат чекмасдан осон пул топишга уриниш ва бу йўлда инсоф ҳамда виждонни бир четга суриб қўйиш айримлар учун чўт эмас. Қуйидаги ҳикояда келтирилган қаҳрамонимиз ҳам бир пайтлар шундай шахс бўлган. Осон пул топиш учун ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб тамагирлик қилган, пора олган. Кейинчалик қўлга тушиб, етарли жазосини олгандан сўнг тўғри ҳаёт кечира бошлаган.
Қўшни вилоят марказига бориш учун бекатда тургандим, бир машина келиб тўхтади. Машина ҳайдовчиси элликлардан ошган, орқада икки нафар йўловчи ухлар эди. Ҳайдовчи билан йўлкирани келишгач машинага ўтирдим.
Бироз юргач ҳайдовчи билан танишиб олгач у ёқ-бу ёқдан суҳбатлаша бошладик. У иккита вилоят ўртасида кира қилар ва шу билан рўзғор тебратар экан.
Ҳайдовчи қаерда ишлашимни сўраб билгач, негадир мавзу қолиб гапни ҳалолликка бурди. У инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаром луқмадан ҳазар қилиб яшаши лозимлиги, пул ва бойлик учун виждонини ва инсофини сотмаслиги кераклиги ҳақида гапирар, мен унинг гапларини бош ирғаб тасдиқлаб турардим.
Гап орасида у «Бир пайтлар мен ҳам ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, бу йўлда виждон ва инсофини йўқотган эдим. Бошим деворга бориб урилгач кўзим очилди. Шундан сўнг зинҳор бировнинг ҳаққини емайман деб онт ичдим. Худога шукр, ҳозирча онтимни бузмадим, бундан кейин ҳам бузмайман» деб қолди.
Менга ҳайдовчининг бошидан ўтган ҳодисалари қизиқ туюлди ва ундан тафсилотларни сўрадим.
«Ёшлигимдан махсус формаларга ҳавас билан қарардим ва улғайсам албатта ҳарбий ёки ички ишлар ходими бўламан деб ният қилардим. Мактабни битиргач икки йиллик армияга бориб келдим. Совет даврида хизмат қилганларнинг энг сўнггиси биз бўлсак керак.
Ҳарбий хизматдан қайтганимдан сўнг ўзим яшайдиган туман ички ишлар бўлимига ариза топширдим. Синовлардан муваффақиятли ўтиб ишга қабул қилиндим.
Аввалига оддий ходим бўлиб ишладим, сўнг аста-секин унвон ола бошладим. 30 ёшга кирганимда капитан унвонига эга эдим. Шу пайтда мени туманимиздаги катта бир қишлоққа профилактика участка нозири қилиб юборишди.
У пайтларда ҳозиргидай ҳар бир маҳаллага биттадан профилактика нозири тайинланмас эди. Мен катта бир қишлоқдаги бешта маҳалланинг осойишталиги учун жавобгар эдим.
Мен ишлаётган қишлоқнинг аксарият одамлари тадбиркорлик билан шуғулланар, бошқа жойларга нисбатан яхшироқ яшарди.
Қишлоқ одамлари арзимаган қонунбузарлик содир этишса ҳам жазодан қутулиш учун пул таклиф қилишарди. Бунда уларнинг аксарияти ўртага одам ҳам қўйиб ўтирмас, ишни бости-бости қилиш учун порани тўғридан тўғри ўзлари таклиф этишарди.
Бундай ҳолатда шайтон мени йўлдан ура бошлади ва арзимаган жанжал содир бўлса ҳам қонун билан қўрқитиб одамлардан пул ола бошладим.
Кейинроқ эса осон келаётган пул кўзимни кўр қилди ва нафсим баттар ҳакалак отаверди. Жанжал ва муштлашувларнинг аксариятида одамлар бир-бирини ҳақорат қилади. Мен шундан фойдаланардим ва ишни ёпиб юбориш учун ҳар икки томондан ҳам пул сўрардим.
Аксарият ҳолларда қонунбузар томон пулни ўзи таклиф қилса, жабрланувчи томондан ўзим пул талаб қилардим.
Ўшанда бирон куни мени кимдир таъмагирлик қилаётганимда ёки пора олаётганимда ушлаб беради деб ўйламасдим. Чунки қишлоқ одамлари кимнидир ушлаб беришни сотқинлик деб билар ва бундай ишлардан ор қиларди.
Қолаверса, у пайтларда ҳозиргидай барчада қўл телефони йўқ, одамлар интернет нималигини билишмас, яширинча видеога олиш, овозни ёзиш каби ишлар бўлмасди. Шу туфайли ҳам мен бемалол эдим.
Энг қизиғи, қишлоқ одамларидан ноҳақ пул ундирсам ҳам ҳеч ким хафа бўлмас, аксинча, ҳар доим «Барака топсин, ишимни бости-бости қилиб берди» деб мендан миннатдор бўлишарди.
Шу сабабли қишлоқда обрўйим яхши эди. Бешта маҳаллада ҳам барча тўй ва маъракаларга чақиришар, ҳурмат билан давранинг энг яхши жойига ўтқизишарди. Ана шундай шароитда ўша қишлоқда 5-6 йил ишлаб қўйдим.
Ана шундай кунлардан бирида барчаси тамом бўлди.
Бир кун хонамда ўтирсам биров келиб иккита қўшни жанжаллашаётгани ҳақида хабар берди. Етиб борсам бир одам қўшнисини уриб оғиз-бурнини қонга тўлдирган.
Дарҳол жароҳатланган одамни касалхонага олиб кетишди. Зўравонни қишлоқ фуқаролар йиғини биносида жойлашган хонамга олиб кетдим. Сўнг ундан воқеа тафсилотлари бўйича тушунтириш хати олдим.
Тиббий экспертиза хулосаси чиққунча ҳеч қаерга чиқмаслик ҳақида тилхат олиб, зўравонни уйига қўйвордим. Ўша куни кечки пайт у иккита одам билан хонамга кириб келди. Уларнинг бири акаси, яна бири мен яхши танийдиган маҳалладоши экан.
Маҳалладоши агар зўравонни қаматиб юборсам вояга етмаган болаларига жабр бўлишини, шу учун унга жарима билан қутуладиган жазо тайинлашда ёрдам беришимни илтимос қилиб, “қуруқ қўймасликларини” айтишди.
Зўравоннинг хатти-ҳаракатлари шундоқ ҳам озодликдан маҳрум этиш жазосига тортмаслиги мумкин эди. Аввал экспертиза хулосаларини олишим кераклигини, шунга қараб гаплашишимизни айтиб, уларга жавоб бериб юбордим.
Эртаси куни касалхонага бориб дўппосланган одамнинг ҳолидан хабар олдим, у ёқ-бу ёғи кўкарган бўлса-да, аҳволи унча ёмон эмасди. Тиббий экспертиза хулосасида унга енгил тан жароҳатлари етказилгани ёзилган эди.
Ўша куни зўравон акаси ва шериги билан яна келди. Уларга ишни енгиллаштириш осон бўлмаслигини айтдим ва салмоқли миқдорда пул сўрадим. Улар рози бўлишди.
Шундан сўнг нафсим устунлик қилиб жабрланувчидан ҳам пул ундириш ҳақида ўйлай бошладим. Ахир у ҳам қўшнисини сўкиб, ҳақорат қилган-ку!
Эртаси куни касалхонага яна бордим. Жабрланувчига ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилганини, аммо қўшнисини ҳақорат қилгани учун у ҳам жавобгар бўлишини айтдим.
Ўша пайтда унинг афти бужмайиб кетди ва ўзини жавобгар қилмаслигим учун қанча бериши кераклигини сўради. Унга ҳам қанчадир миқдорни айтдим. Жабрланувчи шифохонадан чиққач беришини айтди.
Орадан яна бир неча кун ўтиб, кечки пайт жабрланувчи хонамга кириб келди. Шифохонадан жавоб беришганини, пулни эртага олиб келиб беришини айтди. Вақтини келишдик.
Эртаси куни хонамда ўтиргандим жабрланувчи кириб келди. Қўлимга сўраган пулимни берди ва ўзини бошқа безовта қилмаслигимни, айбдорга етарлича жазо берилишини сўраб хонамдан чиқди.
Ўша пайтда хаёлимга ёмон ўй келмасди. Аксинча, арзимаган жанжал туфайли анча пул ишлаб олаётганим учун хурсанд эдим. Жабрланувчи эшикдан чиқиши билан хонамга уч киши кириб келди. Уларни кўриб юрагим орқамга тортиб кетди, жабрланувчи мени хавфсизлик ходимларига сотганди.
Хонамга кирганлардан бири гувоҳномасини кўрсатиб, бироз олдин хонамдан чиққан фуқародан пора олганликда гумонланаётганимни, шу сабабли чўнтагимдаги барча нарсани стол устига қўйишимни сўради. Дастрўмолча ва ўзимнинг пулим билан бирга бироз олдин жабрланувчидан олган пулимни чиқариб қўйдим.
Тергов бир неча ой давом этди. Бу давр оралиғида қишлоқда кимлар жиноий жавобгарликка тортилган, кимларга маъмурий жазо қўлланган, барчадан кўрсатма олишди. Қишлоқ одамларидан ҳанузгача миннатдор бўламан, биронтаси сотмади.
Сўнгги жанжалда зўравонлик қилган шахс ҳам менга пул берганини айтмади. Акс ҳолда унинг ўзи ҳам пора бергани учун жазоланар, менга бериладиган жазо янада жиддийроқ бўларди.
Тергов тугагач суд қилишди. Ўз айбимга иқрорлигим, қарамоғимда вояга етмаган фарзандларим борлиги, интизомли ходим бўлганим ва устимдан бирор марта шикоят тушмаганини инобатга олиб, суд менга 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини берди.
Қамоқда 2 йил ўтиргач манзил колонияга, яна бироз ўтиб ўзимни намунали тутганим учун пробация назоратига чиқарилдим. Ўшандан сўнг ўзимга бундан бу ёғига ҳеч кимнинг ҳаққини емайман, ҳаромдан ҳазар қилиб яшайман деб ваъда бердим. Ҳозирча ваъдамни бузмадим ва Худо хоҳласа бундан кейин ҳам бузмайман.
Турли юмушлар баҳонасида охирги марта ишлаган қишлоғимга бир неча марта бордим. Ҳар гал борганимда одамларнинг кўзига тик қарашга хижолат бўламан. Аммо қишлоқ одамлари шунда мендан хафа эмас, аксинча таскин сўзларни айтишади.
Гарчи ўшанда жуда ноинсофлик қилган бўлсам-да, мени ушлаб берган одамни «номардлик қилди» деб ёмонлашади. Аслида эса мен ноинсофлик қилгандим».
Ҳайдовчи ҳикоясини тугатгунча манзилга етиб бордик. У билан хайрлашиб юмушимга кетдим.
Манба: Kun.uz