Бахмал туманида экотуризм, агротуризм ва экстремал туризмни ривожлантириш мақсадида 2025–2030 йилларда йирик туристик лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, Зомин-Бахмал давлат қўриқхонасига туташ Музбулоқ МФЙ ҳудудида 40 гектар майдонда “BAXMAL ECO VILLAGE” номли эко туризм кластери ташкил этилади.
Ушбу кластер доирасида 3 юлдузли меҳмонхона, енгил ва экологик тоза материаллардан барпо этиладиган жойлаштириш воситалари, туристик сўқмоқлар, манзарали томоша майдончалари, кемпинг ва глемпинг зоналари, ўтов ва экоуйлар қурилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда жойлашган тоғли ҳудудларда, жумладан Бойқўнғир, Музбулоқ, Жўм-жўмсой каби 9 та қишлоқда соғломлаштириш ва туризм марказлари ташкил этилади. Бундай лойиҳалар доирасида 3 та меҳмонхона (420 ўринли), 100 га яқин вилла (шале) ва хизмат кўрсатиш инфратузилмалари барпо этилиши режалаштирилган.
2024 йил якунларига кўра, Бахмал туманига 46,2 минг нафар хорижий ва 203,2 минг маҳаллий турист ташриф буюрган. Туризм хизматлари экспорти 6,6 миллион АҚШ долларига етган. Ҳозирги пайтда туманда 547 та жойлаштириш воситаси (умумий 3470 ўрин), 325 та кемпинг, 200 та оилавий меҳмон уйи, 20 та хостел ва 1 та санатория фаолият юритмоқда.
Бахмалнинг 50 фоиз ҳудуди тоғлардан иборат бўлиб, бу ерда экологик туризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Шу билан бирга, туманда зиёрат туризми ва тарихий туризмни жалб этиш имконини берувчи 10 дан ортиқ зиёратгоҳ, 68 та археологик ёдгорлик ва 27 та табиий сойлар мавжуд.
Мавжуд салоҳият ва амалга оширилаётган лойиҳалар Бахмал туманини Янги Ўзбекистондаги муҳим туризм нуқталари қаторига чиқариши кутилмоқда.