Кредит олувчилар учун янги хавф: Молиявий ковенант – яширин жарима механизми

Улашиш:

Бугунги кунда кредит шартномаларида яна бир ноанъанавий, лекин тобора оммалашиб бораётган тушунча пайдо бўлди – молиявий ковенант. Бу атама қонунан мумкин, аммо амалиётда қарз олувчи учун жиддий молиявий таваккалчилик манбаи ҳисобланади.

Молиявий ковенант нима?

Молиявий ковенант – бу банк билан тузилган шартномада белгиланган ҳолда, қарз олувчининг ҳисоб рақамида доимий равишда белгиланган миқдорда маблағ (одатда кредит суммасининг 20 фоизи) сақланиши шартлигини назарда тутади. Акс ҳолда, ҳатто кредитни ўз вақтида қайтарсангиз ҳам, қўшимча жарималар ёки фоизлар ҳисобланиши мумкин.

 Адвокат Раззоқ Алтиев бу ҳолат юзасидан ўз фикрини билдириб шундай деган:

“Молиявий ковенант тузоғига кўпчилик тушаяпти. Тадбиркор шартномадаги бу атамани тушунмасдан имзо чекиб юборади. Бу эса унга кейинчалик банк томонидан тўланадиган жарималарни асослаб беради. Бу тизим фақат банклар манфаатига хизмат қилади.”

Амалда қандай ишлайди?

Тасаввур қилинг: сиз 100 млн сўм кредит олдингиз, шартномада молиявий ковенант 20% қилиб белгиланган. Демак, ҳисобингизда ҳар куни камида 20 млн сўм бўлиши шарт. Агар бу миқдор бир кун бўлмаса ҳам, банк сиздан қўшимча тўловлар ундириши мумкин. Яъни сиз кредитни вақтида тўласангиз ҳам, “шартни бузган” деб ҳисобланасиз.

Бу қонунийми?

Ҳа, Фуқаролик кодексининг 259-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар шартномада белгиланган “бошқача усуллар” орқали ҳам таъминланиши мумкин. Шу сабаб, агар сиз шартномада молиявий ковенантга имзо қўйган бўлсангиз – суд ҳам банк фойдасига ҳал қилиши эҳтимоли юқори.

Кимнинг манфаатига хизмат қилади?

Молиявий ковенант – бу фақат банклар ёки кредит ташкилотлари ўз хавфларини камайтириш учун ишлатадиган восита. У реал бизнес муҳитидаги ўзгарувчанликни ҳисобга олмайди ва тадбиркорни маблағини тўлиқ ишлатишдан маҳрум қилади.

Нима қилиш керак?

Тадбиркорларга маслаҳат:

  • Кредит шартномасини тўлиқ ўқиб чиқинг.

  • Молиявий ковенант бўлимига алоҳида эътибор беринг.

  • Агар бундай шарт бор бўлса – шартномани қайта кўриб чиқишни талаб қилинг ёки бундай шартдан воз кечинг.

Хулоса:
Молиявий ковенант – бу яширин молиявий тузоқ. У банкларни ҳимоя қилади, лекин тадбиркорни чеклайди. Ҳар қандай кредит шартномасини имзолашдан олдин юрист билан маслаҳатлашинг. Энг муҳими – молиявий эркинлигингизни сақланг.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.