Кредит бозорига инқироз хавф соляптими?

Улашиш:

Юқори қарз юки қарз олувчининг ўртача ойлик даромади ва барча кредитлари бўйича тўловларининг нисбатидан келиб чиқади. Маош кам, тўловлар унинг ярмидан кўп бўлса, юқори қарз юки вужудга келади. 

Охирги пайтларда Ўзбекистондаги иқтисодиётчи мутахассислар орасида ва блогосферада “Ўзбекистонда кредит, аниқроғи, ипотека “пуфаги” етилиб келмоқда, у “ёрилса”, катта молиявий инқирозга олиб келади, деган хавотирлар пайдо бўлди. Тўғри, аҳолини кредитлаш, зарур эҳтиёжлари учун қарз бериш – ижтимоий жиҳатдан ижобий натижаларга сабаб бўлади. Бироқ бу мамлакат, ҳаттоки минтақа ёки бутун дунёда молиявий инқироз келтириб чиқариши ҳам мумкин.

Хавотирга асос борми?

3 январ куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев “Egemen Qazaqstan” газетасига берган интервюсида “Фуқароларнинг қарз юки мени жиддий ташвишга солмоқда, чунки бу муаммо одамларнинг ижтимоий фаровонлиги ва молия тизимининг барқарорлигига бевосита таъсир қилади. 2019 йилда 500 минг кишининг гаровсиз кредитлари бир марталик чора сифатида ҳисобдан чиқарилди”, деди. Қозоғистон тарихида кредитлаш билан муаммолар тез-тез учраб туриши, эндигина бу борада атак-чечак қилишни бошлаган, кредитлаш ва умуман банк хизматларини кўрсатишда қулайлик яратилаётган Ўзбекистон учун ҳам сабоқ бўлиши лозим. Зеро, тўлов қобилияти ва тегишли рисклар инобатга олинмаган ҳолда ўнгу сўлга нооқилона кредит “тарқатиш” эртага катта муаммолар келтириб чиқариши аниқ.

Мисол учун, халқ орасида “қора рўйхат” (аслида бундай рўйхат йўқ, Кредит бюросининг скоринг (балл бериш) тизими бор холос – таҳр.) деб аталадиган тизим ишлаши оқибатида 16 мингдан зиёд фуқаролар “ёмон қарз тўловчи” гуруҳига тушиб қолган. Гарчи Ўзбекистонда 35 та тижорий банк, 70 та микрокредит ташкилоти, 2000 га яқин истеъмол товарларини бўлиб тўлаш шарти билан сотадиган ташкилотлар Кредит бюроси ("Кредит-ахборот таҳлилий маркази”) билан ахборот алмашса-да, чекка жойлардаги кўплаб савдо ва кредит ташкилотлари бундай тизимга аъзо эмас. Шу боис қарзини тўлай олмаётганларнинг реал сони бундан бир неча баробар кўп бўлиши ҳам мумкин.

Энг ёмон сценарийлар

Албатта, юқори қарз юки қарз олувчилар молиявий аҳволи ёмонлашувига, тўловга лаёқатсизлик ҳолатларига олиб келади. Тўловга лаёқатсизлик эса тўлов интизомининг бузилиши фонида кредитлар тўланмаслиги, пировардида, банклар капиталлашув даражасининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Ёки бошқа бир сценарий(Bust)га кўра, МБ асосий ставкасининг кўтарилиши кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг мутаносиб ўсишига олиб келади. Бу эса қарз олувчиларда қарзга хизмат кўрсатиш (DSTI) билан боғлиқ муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Натижада бозорнинг ипотекага тўйиниши, уй-жой нархи пасайиши ва LTV ўсишига, банкларда муаммоли кредитлар салмоғининг ортишига олиб келади. Муаммоларнинг тизимли тус олиши эса молиявий нобарқарорлик келиб чиқишига сабаб бўлади.

Регулятор нима чора кўрмоқчи?

Марказий банк асосий регулятор сифатида бир қатор ўзгаришларга қўл уришни мақсад қилган. Жорий йилдан банклар капиталига айрим талабларнинг енгиллаштирилиши ҳисобига банклар томонидан кредит ажратилишида, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришда янгиликлар кутилмоқда. Бунинг учун тегишли меъёрий ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилади.

Марказий банкда ўтказилган “Мамлакатда молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича Марказий банкнинг макропруденциал ва пруденциал чоралари” мавзусида медиа-мулоқотда шу ҳақда маълумот берилди. Тадбирда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ҳамда Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаменти директори Санжар Носиров мамлакатда молиявий барқарорликни таъминлашда Марказий банкнинг макропруденциал ва пруденциал чоралари ва уларнинг моҳияти ҳақида маълумот беришди.

Хусусан, 2024 йил 1 февралдан бошлаб, доимий даромадга эга бўлган, шунингдек, камида 6 ой давомида банк ҳисобварағида маблағлар айланмасига эга ўзини ўзи банд қилган шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектларига микромолиявий хизматлар учун жорий таваккалчилик даражаси 100 фоиз бўлгани ҳолда, янги таваккалчилик даражасини 75 фоиз этиб белгилаш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, эндиликда кредит фоизи ўрнига қарз олувчининг қарз юки даражаси (DSTI) ва кредитнинг гаровга (таъминот) нисбатига (LTV) асосланган талаблар жорий этилади. Бу DSTI ва LTV билан боғлиқ хатарларни жиловлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Чекловнинг ҳиди келяптими?

Гарчи муҳокамага қўйилиши кутилаётган меъёрий ҳужжат қарз интизомини яхшилашга, умуман кредит хизматлари тизимини такомиллаштиришга қаратилган, дейилса-да, аслида унда тижорий банклар учун ўзига хос чекловлар мавжуд. Масалан, кредит олувчига талаблар кучайтирилади. Юқорида айтилганидек, кредит бериш ҳақида қарор чиқаришда оқилона ва ҳамма жиҳатларни инобатга олиш тавсия этилмоқда.

Марказий банк макропруденциал чораларни, шу жумладан, қарз олувчининг қарз юки даражаси ва кредитнинг гаровга (таъминот) нисбати бўйича талабларни ҳам қайта кўриб чиқмоқда.

Хусусан, қарз юки кўрсаткичига ўзгартириш киритилади: аввал микрокредит учун 50 фоизлик кўрсаткич белгиланган бўлса, у жорий йилнинг 1 июлидан 60 фоиз этиб белгиланади.

Таъкидлаш керак, макропруденциал чоралар, аниқроғи, макропруденциал лимитлар (яъни чекловлар – таҳр.) юқори қарз юки кузатиладиган қарз олувчиларга кредитлар беришни чеклашни назарда тутади. Юқори қарз юки эса қарз олувчининг ўртача ойлик даромади ва барча кредитлари бўйича тўловларининг нисбатидан келиб чиқади. Маош кам, тўловлар унинг ярмидан кўп бўлса, юқори қарз юки вужудга келади.

Шунингдек, Марказий банкнинг пруденциал чоралари, шу жумладан, 2024 йил 1 июлдан бошлаб қарз юки даражаси ва кредитнинг гаровга (таъминот) нисбати асосида жисмоний шахсларга ажратиладиган ипотека кредитлари ва автокредитларнинг таваккалчилик даражасини аниқлашнинг янгича тартиби амалга татбиқ этилади. Жумладан, ипотека кредитлари учун 50%, автокредит 100%, микроқарзлар ва истеъмол кредитлар бўйича 150% фоизлик таваккалчилик даражалари ўрнатилади.

Қолаверса, пруденциал (латинча - prudentia, инглизча - prudential) эҳтиёткорлик, оқилона ва узоқни ўйлаб иш тутишни англатишини ёдга олсак, Марказий банк ўз ишини қилмоқда – молия тизимини, аниқроғи, кредитлашни оқилона ўзанга йўналтирмоқда, дейиш мумкин.

Албатта, Марказий банк вакиллари киритилиши кутилаётган янгиликларнинг мамлакат иқтисодиётига ва банк тизими барқарорлигига ижобий таъсир этишини кўп бор таъкидлашди. Бу чоралар аҳолига ажратиладиган кредитлар салмоғига таъсир қилмаслигига, шунингдек, мамлакатимиз кредит-молия тизимида инқироз юз бериши ёхуд “кредит пуфагининг ёрилиши” ҳақида хавотирлар асоссиз эканига ишонтиришди. Зеро, банкнинг асосий бизнеси – пул қарз бериб, фоизидан фойда қилиш. Ҳеч қайси регулятор бу асосий омилга болта уришни истамайди. Акс ҳолда аҳоли қўлида пул массаси камайиб, дефляция пайдо бўлиши натижасида нархлар тушиб кетади. Бу эса эса алал-оқибат итисодий ривожланиш суръатининг пасайишига олиб келади. Марказий банк миллий иқтисодиётнинг фақат ривожланиши тарафдоридир. Қолганини эса вақт кўрсатади.


2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.