Айни пайтда фуқароларнинг кредит тарихи деган тушунча кўпроқ оммалашмоқда. Хўш, бу хизмат аслида қандай: ижобийми ёки салбий? Қуйидаги мақолада атрофлича тўхталганмиз.
Кредитлаш қачон пайдо бўлган?
Қарз олди-бердиси кундалик ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган ижтимоий-иқтисодий жараён. Ҳатто пул пайдо бўлишидан аввал, бартер муомаласи амалда бўлган чоғларда ҳам одамлар ўзаро товар ҳамда маҳсулотларини қарзга бериб туришган бўлса эҳтимол.
Қарзни аввал ўзаро танишлардан олиб туришган бўлса, кейин бу жараёнга профессионал “қарз берувчилар” аралашди. Масалан, бунгача саррофлик – яъни турли халқларнинг пулларини бир-бирига маълум ҳақ эвазига алиштириш хизмати секин-аста қарз бериб туриш хизматини – кредитни ҳам таклиф эта бошлади. Келишилган устама фоиз ва муддатга пул бериб туриш урфга кирди. Қизиғи шундаки, “кредит” сўзи лотинча creditum - «қарз», ва credere - «ишонмоқ» сўзларидан олинган. Яъни кимгадир қайтариб беришига ишониб қарз бериш кредит дейилган.
Аслини олганда кредит қадимги Яқин Шарқда деҳқончилик муносабатлари натижасида пайдо бўлган дейишади. Деҳқон йилда бир ёки икки марта ҳосил кўтарган ва даромад кўрган. Қолган пайтда эса уруғ сотиб олиш, ер ижараси, сув таъминоти ва чоракорларни ишлатиш учун олдиндан пул керак бўлган. Натижада пули борлардан ҳосил йиғилиб сотилгунигача бўлган муддатга фоиз эвазига қарз кўтаришган.
Тадқиқотчилар исботлаган маълумотларга кўра, кредит ватани қадимги Бобил ҳисобланади. Бу ерда 3000 йил аввал судхўрлар одамларга фоиз эвазига қарз беришни ўзларига ҳунар қилиб олишган.
Ипотека кредитлари илк марта қадимги Юнонистонда пайдо бўлган. Қарзини тўлай олмаган одамнинг ери гаровга олиниб, ер бошида “ипотека”деган тахтача қоқиб қўйишган.
1730 йилда эса кредит маҳсулоти илк марта омма учун реклама қилинган. Кристофер Торнтон биринчи реклама берувчи бўлган. У шаҳар марказидаги майдонда туриб олиб, мебел маҳсулотларини кредитга сота бошлаган. Бироқ унинг кердитлаш тартиби ҳозиргидан бошқачароқ бўлган. Унинг кредитини ҳар ҳафта бўлиб тўлаш керак эди.
Кредитлаш, умуман банк молия фаолиятини тартибга солган, илк қонуниятларини шакллантирган шахс Майер Амшел Ротшилд (1744—1812) ҳисобланади. Майер немис шаҳри Франкфуртдаги яҳудийлар геттосида сарроф ва заргар оиласида туғилиб ўсган. Ўша даврларда насроний дини ҳам, ислом дини ҳам судхўрлик билан шуғулланишни тақиқлаган. Яҳудийларнинг муқаддас китоби Таврот судхўрликни тақиқлаган, бироқ яҳудий эмасларга фоизли қарз беришга рухсат этган. Шу боис ўрта асрларда Европада асосан яҳудийлар кредитлаш билан шуғулланган.
Майер Ротшилд ишини аввал саррофликдан – валюта алмаштириб бериш фаолияти билан бошлаган. Кейин эса прусс шаҳзодаси Вилгелм билан дўстлашиб, у орқали йирик бойлар, қирол ва қироличалар билан дўстлашган, олди-берди қилган. Алал-оқибат беш нафар ўғлини Европанинг 5 та йирик молиявий марказларига жўнатиб, банклар ташкил этган. Ротшилдлар сулоласи ҳозиргача давом этиб келмоқда. Уларнинг умумий бойлиги 2012 йилда 1,7 триллион АҚШ долларига баҳоланган.
Нега кредит тарихини юритиш зарурияти туғилган?
Европада банклар кўпайгач, кредитлаш кўлами кенгайди. Табиийки, ҳамма ҳам қарзни ва унинг фоизларини ўз муддатида ва тўла ҳажмда қайтара олмаган. Бундай одамлар токи қарзини тўламагунича ёки кимдир унинг учун кафил бўлмагунича зиндонга – чуқурга ташлаб қўйишган. Шу сабабдан турли Европа тилларида “қарз чуқури” (“долговая яма”) па йдо бўлган. Улардан ҳар доим ҳам қарз ундиришнинг имконсиз эди. Ҳозирда эса коллектор хизматлари мавжуд, улар банклардан эскирган қарзларни “сотиб олиб”, яъни хизмат учун маълум фоиз эвазига қарздорларни топиб, қарзларни ундириш билан шуғулланади. Шунингдек, бирор буюм ёки кўчмас мулкни, ерни гаровга олиш, кафил шахсларни жалб қилиш каби механизмлар кўриб чиқила бошланди.
Аммо энг яхши йўл, қарз беришдан аввал қарздорларнинг тўлов қобилиятини аниқлаб олишдан иборат. Тарихда банклар ҳам қарздор олган қарзини тўлашига ишонч ҳосил қилиш йўлларини қидиришган. Кредит беришда гаровдан ташқари кредитга талабгорнинг ишончлилик индексини, тўлов қобилиятини баҳолашга эҳтиёж туғилган. Бу эса бирор шасхнинг аввал кимдан ва қанча қарз олгани, қайтарган ва қайтармагани каби маълумотларни суриштиришни талаб этади. Бу эҳтиёжни илғаб олган тадбиркорлар ташаббуси билан 19-асрда илк “кредит тарихлари бюроси” (КТБ) пайдо бўлган. (Биринчи КТБнинг номи тарихда қолмаган). Бюро ходимлари ташкилотлар ва хусусий савдогарлар ҳақида маълумотларни йиғиб юриш билан шуғулланишган. Мазкур маълумотлар асосида ташкилот ёки тадбиркорларнинг лояллик индекси шакллантирилган.
Россияда, ундан сал кейинроқ Марказий Осиёда КТБлар 20-асрда пайдо бўлган. Бундай ташкилотлар кўп эди, айримлари давлатга, айримлари эса хусусий шахсларга қараган.
КТБларнинг пайдо бўлиши, банкларнинг кредитлаш билан кенгроқ шуғулланиши “кредит тарихи” деган тушунчани шакллантирди.
Кредит тарихи – интизом тарихи
Кредит тарихи – одам умри давомида банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг компаниялари ва маиший техника, мебел ва шу каби дўконларнинг кредит хизматларидан фойдаланган ҳар қандай инсонда мавжуд.
“Asakabank” АЖ Чакана бизнес департаменти Кредит маҳсулотларини ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи Жамшидбек Жумагалдиевнинг айтишича, кредит тарихи мижознинг тижорат банклари ва кредит ташкилотлари томонидан расмийлаштирилган кредит/микроқарзлар бўйича қарз олувчи томонидан тўловларнинг амалга оширилиш интизомини акс эттиради. Кредит тарихи ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.
Расмийлаштирилган кредитлар бўйича тўловларни кредит шартномасида белгиланган санадан кечиктирмаган ҳолда ўз вақтида амалга ошириш кредит тарихининг ижобий бўлишига олиб келади. Тўловларнинг тўлов жадвалига асосан амалга оширилмаслиги натижасида кредит тарихи салбийлашади.
Салбий кредит тарихи деб баҳоланган кредит тарихи банклар томонидан кредит ажратилмаслигига сабаб бўлиши мумкин.
– Халқ орасида буни нотўғри талқин қилувчилар ҳам кўп, – дейди Жамшидбек Жумагалдиев. – Айрим банклардан қарзи борлиги ёки олган қарзларини ўз вақтида қайтармагани боиси кредит тарихини бузиб қўйган ватандошларимиз бизнинг банкка келиб кредит учун ариза беришади. Кредит тарихи салбий экани сабабли рад жавоби берсак, нотўғри тушуниб, хафа бўлишади. Кейин айримлар буни қора рўйхат деб тушунишади. Аслида ҳеч ким интизомсиз кредитчиларнинг рўйхатини тузмайди. Шунчаки кредит тарихига, аниқроғи, унинг скоринг балли тушиб кетмаслигига эътибор бериб юриш лозим.
“Кредит маълумотлари алмашинуви тўғрисида”ги қонунга асосан кредит тарихи қарздорнинг сўнгги беш йил ичидаги мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиб, қуйидагиларни акс эттиради:
- қарздор тўғрисида;
- жорий ва ёпилган кредитлар, товар кредитлари қиймати, расмийлаштирилган санаси, муддати ва қолдиғи тўғрисида;
- муддати ўтган қарздорликлар тўғрисида;
- жорий ва ёпилган кредитга қўйилган гаров мулки ва мулк эгаси тўғрисида;
- суд жараёнидаги кредитлар тўғрисида;
- кредит тарихи шаклланган сана ва уни тайёрлаган ташкилот тўғрисида.
Шу билан бир қаторда, кредит тарихи тўғридан-тўғри қарздор тўғрисидаги маълумотлардан ташқари лизинг олувчи, кафил, кафолатчи, гаровга қўювчи ҳамда кредит битими бўйича суғурталовчи сифатида қатнашувчи жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўзида жамлайди. Кредит маълумотларни йиғиш билан Кредит бюроси шуғулланиб, улар Марказий банк томонидан берилган лицензияга асосан фаолият юритади.
Кредит бюроси нафақат жисмоний ва юридик шахс бўлган қарздорларнинг маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида, балки ушбу маълумотлар билан алмашиш учун банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг компаниялари ва айрим дўкон (ритейлер)лар билан ҳамкорлик олиб боради. Кредит бюроси қарздорларнинг молиявий ҳолатини, шунингдек, қарзни қайтара олиш қобилиятини баҳолайди, шунингдек, қарздорларни баҳолаш рейтинги тизимини (скоринг) шакллантиради.
Кредит тарихи нима ва уни қандай текшириш мумкин?
Кредит тарихини ушбу сайтлар орқали текшириш мумкин:
- https://portal.infokredit.uz/reports (хизмат нархи 18480 сўм);
- my.gov.uz орқали (хизмат нархи 16632 сўм).
Хизматдан биринчи марта фойдаланиш бепул. “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” кредит бюроси томонидан қарз олувчилар 0 дан 500 гача бўлган оралиқдаги скоринг балл орқали баҳоланади ва ушбу оралиқ 5 гуруҳга бўлинади:
А – аъло (400-500 балл;
B — яхши (300-400 балл);
C — ўртача (200-300 балл);
D — қониқарли (100-200 балл);
E — ёмон (0-100 балл)
Сиз Кредит бюросидан ҳеч қандай сабабларни кўрсатмасдан, йилига фақат бир марта текинга ва исталганча пуллик асосда ўз кредит тарихингиз тўғрисидаги маълумотни олиш ҳуқуқига эгасиз.
Кредит тарихи ҳар кимда мавжуд бўлиб, банклар ва микромолия ташкилотларига қарз олувчининг қанчалик ишончли эканини баҳолашга ёрдам беради.
Абулфайз Сайидасқаров