Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан «YandexGo UB» МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда қўмита расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, тергов ҳаракатлари «Uzum Market» платформасининг мурожаати асосида бошланган. Мурожаатда таъкидланишича, Yandex Market'нинг реклама видеоролигида «Uzum Market»га нисбатан инсофсиз рақобат ҳаракатлари амалга оширилган ва компаниянинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган.
Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикасининг «Инсофсиз рақобат тўғрисида»ги қонуни доирасида ўрганмоқда. Айниқса, рекламада рақиб брендни тўғридан-тўғри тилга олиш, унинг хизматини камситиш ёки ҳақоратомуз тарзда кўрсатиш ҳолатлари алоҳида эътиборда.
Ҳозирча мазкур иш юзасидан якуний хулосалар эълон қилинмаган. Қўмита баёнотида таъкидланишича, иш кўриб чиқилиши натижалари бўйича қўшимча ахборот кенг жамоатчиликка тақдим этилади.
Бу ҳолат рақобат муҳитидаги шаффофлик ва ахлоқий меъёрларга риоя қилиш масаласини яна бир бор кун тартибига чиқармоқда. Рақамли бозордаги асосий ўйинчилар ўртасида кучайиб бораётган рақобат фондасида бу каби даъволар нафақат юридик, балки брендларнинг жамоатчилик олдидаги имижи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.