Жиззах шаҳрида 2024–2025 ўқув йили якунлари муносабати билан ўқишда ва хулқ-атворда ўз тенгдошларига намуна бўлган 147 нафар 11-синф битирувчисига олтин ва кумуш медаллар топширилди.
Жиззах шаҳрида жами 2897 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлади. Улар орасида барча фанларни аъло баҳо билан ўзлаштирган, жамоат ишларида фаол қатнашган ва намунави хулқ билан ажралиб турган иқтидорли ёшлар ҳам бор.
Ана шундай аълочи ўқувчилар фахрий медаллар билан тақдирланди. Уларнинг 147 нафари олтин ва кумуш медалга сазовор, деб топилди.
Тантанали маросим Жиззах Ёшлар марказида бўлиб ўтди. Унда Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси биринчи ўринбосари Ш.Даманова, Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ш.Фазилова иштирок этиб, битирувчиларни самимий қутладилар.
Тадбирда битирувчиларнинг ота-оналари, устозлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам қатнашди. Улар ёшларга эзгу тилаклар билдиришди ва уларнинг келажакда мамлакат равнақи учун муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдиришди.
Бундай эътибор ва эътироф ёшларнинг билим олишга бўлган рағбатини янада оширади, уларда Ватанга фидойилик туйғусини мустаҳкамлайди.