Замонавий бизнес юритиш нафақат иқтисодий самарадорликка, балки фаолият олиб борилаётган ҳудуднинг ижтимоий ривожланишига ҳам масъулликни тақозо этади.
BMB HOLDING ташкил этилгандан буён ўз фаолиятида айнан шу тамойилга таяниб, Жиззах вилоятида инвестицион лойиҳалар билан бирга ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларни ҳам амалга оширмоқда.
Агросаноат лойиҳалари ва аҳоли бандлиги
Ҳолдингнинг Бахмал туманидаги фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. Туманнинг ўзига хос иқлим шароитини инобатга олган ҳолда, бу ерда 700 гектар майдонда заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси йўлга қўйилган.
Италиянинг “Opera S.R.L.” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “BMB-OPERA ZAFFERANO” қўшма корхонаси ва “BMB SHIFO” компанияси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа маҳаллий аҳолини 300 нафардан ортиқ доимий, 25 минг нафар мавсумий иш ўрни билан таъминлади. Бу эса ҳудуддаги оилалар учун барқарор даромад манбаини яратиш билан бирга, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Инфратузилмани яхшилаш ва ижтимоий масъулият
Иқтисодий лойиҳалар билан чекланмаган ҳолда, Ҳолдинг маҳаллий инфратузилмани ривожлантиришни ҳам ижтимоий масъулиятининг муҳим йўналиши сифатида белгилаган.
Бу борадаги амалий ишлар доирасида Бахмал туманидаги Гулбулоқ ва Узунбулоқ қишлоқлари аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга ички йўлнинг 3,5 км қисми асфальт қилиниб, ўтган йили фойдаланишга топширилди, шунингдек, шу кунларда яна 1,6 км қисми тўлиқ таъмирланди.
Янги асфальт қопламаси аҳолининг, жумладан, мактаб ўқувчиларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, транспорт қатновини яхшилаш ва маҳаллий тадбиркорлик учун қўшимча имкониятлар яратишга замин яратиши билан ҳам аҳамиятлидир.