Ёшлар куни муносабати билан Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида ўтказилган асосий байрам тадбири Ўзбекистондаги илҳомлантирувчи ёшлар салоҳиятининг яққол намоишига айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев тадбирда шахсан иштирок этиб, турли соҳаларда ўз ютуқ ва кашфиётлари билан ажралиб турган ёшлар билан мулоқот қилди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек:
– Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат, мамлакатимиз келажагига таянчдир. Уларни қўллаб-қувватласак, сифатли таълим берсак, бундан-да катта натижаларга эришамиз.
Тадбир доирасида ташкил этилган “Ёш инноваторлар”, “Креатив лойиҳалар”, “Яшил ташаббуслар” ва “Стартаплар” майдонлари юртимиз ёшлари қандай илғор ғоялар устида ишлаётганини яққол кўрсатди.
– Тошкентлик Рустам Ҳамдамов ишлаб чиққан “Billz” автоматлаштириш платформаси хорижий сармоядорларни жалб этишга муваффақ бўлган: лойиҳага 6,6 млн доллар инвестиция жалб қилинди.
– Қорақалпоғистонлик фермер Шерзод Ниязимбетов ўз томорқасидан бошланган тадбиркорлик фаолиятини Италия ва Францияга органик маҳсулот экспорт қиладиган йирик бизнесга айлантирган.
– Тошкентлик ёш олим Сайфулло Қодиров экин майдонларини рақамли бошқариш ва юқоридан дори сепиш функциясига эга дронлар ишлаб чиқармоқда.
– Хоразмлик Лобар Абдуллаева онкологик касалликларга сунъий интеллект ёрдамида ташхис қўядиган “AI Scan” дастурини яратган.
– Қорақалпоғистондан Қумара Сагидуллаева қуёш энергиясида ишлайдиган мини-трактор, Абдуллоҳ Жамолиддинов эса боғлар учун автоматик суғориш тизимини яратган.
Президент қарори билан 2019 йилда ташкил этилган Ёшлар академияси бугунги кунда 7 мингдан зиёд иқтидорли ёш олимларни бирлаштирган. Кўргазмада уларнинг лойиҳаларига алоҳида ўрин берилди.
Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар – STEAM йўналишлари, яъни фан, технология, муҳандислик ва математик соҳаларга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётгани қайд этилди. Охирги йилларда юзлаб махсус мактаблар ташкил этилди, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 мингдан ортиқ ёшлар рақамли саводхонликка эга бўлди.
Ёш тадбиркорлар томонидан ташкил этилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошгани қайд этилди. Стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун 145 миллион доллар венчур сармоя ажратилган.
Президент муҳокамалар давомида тегишли мутасаддиларга ихтирочи ва ташаббускор ёшларни соҳавий вазирлик ва идораларга бириктириш, уларнинг лойиҳаларига давлат кўмаги бериш бўйича аниқ вазифалар юклатди.
Президент Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, ёш авлод – юрт таянчи, жамият ривожининг асосий кучидир. Бу каби тадбирлар фақат байрам эмас, балки ёшларга ишонч, уларнинг фидокорлигига берилаётган эътироф ҳамдир. Энди навбат – ушбу ишончни оқлашда.