Тинч океани жанубида жойлашган Янги Каледония мустақиллик йўлида яна бир қадам ташлади. Франция денгизорти ҳудуди бўлган ушбу архипелагда рақобатчи сиёсий ҳаракатлар янги давлат ташкил этилишини эълон қилди. Бироқ бу давлат тўлиқ мустақил эмас — у Франция билан боғлиқ муайян муносабатларни сақлаб қолади.
Келишувга кўра, Янги Каледонияга автономия, алоҳида фуқаролик ва халқаро муносабатларда маълум ваколатлар берилади. Бу тарихий ўзгариш Франция парламентидаги овоз бериш ва оролларда ўтказиладиган референдум орқали расмийлаштирилади.
Маълумки, 2024 йил баҳорида Янги Каледонияда конституциявий ўзгаришлар сабаб кенг кўламли тартибсизликлар юз берган, Франция эса бу ҳудудга қўшин киритишга мажбур бўлган эди.
Янги Каледония ҳақида қисқача:
Жойлашуви: Тинч океани жануби
Энг яқин катта давлат: Австралия
Таркиби: ўнлаб ороллардан иборат архипелаг
Майдони: 16 372 км²
Аҳолиси: 271 960 киши (2020 йил)
Франция таркибига кириши: 1853 йил
Денгизорти ҳудуди мақоми: 1946 йилдан
Париждан масофаси: 15 000 км
Янги Каледониянинг келажаги қандай тус олиши кўп жиҳатдан унинг аҳолиси ва Франция парламенти қабул қиладиган қарорларга боғлиқ бўлади.