Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ўтказилган махсус тезкор тадбирлар давомида жами 22 кг 585 гр гиёҳванд моддасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ҳамкорлигидаги операцияларда катта ҳажмда "гашиш" ва "опий" моддалари мусодара қилинди, бир неча жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.
Энг йирик мусодара:
Сурхондарё вилояти, Денов туманида – “Кобалт” автомашинасида ҳаракатланаётган, муқаддам судланган шахсдан 9 кг гашиш аниқланди.
Фарғонада қатор ҳибслар:
Шаҳар ҳудудида тўхтатилган автомашинада 5,8 кг гашиш,
Ушбу моддани 89 млн сўм/кг нархда сотиб олмоқчи бўлган 1997 й.т. шахс,
Контрабанда каналини ташкил қилган, Сўх туманида яшовчи, 1987 й.т. жиноий гуруҳ етакчиси қўлга олинди.
Намангандаги операция:
1992 й.т. шахс 3,95 кг гашишни 38 минг долларга сотмоқчи бўлган пайтда ушланди.
У билан келган 2000 й.т. жиноий шериги ҳам ҳибсга олинди.
Кейинчалик, унинг уйидан қўшимча 868 гр гашиш топилди.
Опий билан боғлиқ ҳолатлар:
Олтинсой туманида: Тожикистондан келтирилган 1,96 кг опийни 200 млн сўмга сотмоқчи бўлган икки нафар шахс ушланди.
Сирдарё вилоятида: Тожикистон орқали олиб кирилган 943 гр опийни сотаётган икки нафар фуқаро, жумладан Андижонлик муқаддам судланган шахс қўлга олинди.
Бу ҳужжатланган операциялар натижасида марказлашган наркоканаллар фаолияти фош этилди, контрабанда орқали келтирилган гиёҳванд моддалар айланмасининг олди олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумондорларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.