Тошкентда тўсиқлар ўрнатиш лойиҳасига ажратилган маблағ 7 миллиард сўмга етди

Улашиш:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл бўйларига металл тўсиқлар ўрнатиш харажатларини кескин равишда — 3 баравардан зиёдга оширди. Май ойида 2 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиши режалаштирилган лойиҳа учун эндиликда қарийб 7 миллиард сўм ажратилди.

Мазкур қарорга шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзо чеккан. Ҳужжатда таъкидланишича, лойиҳа “Шаҳарни ривожлантириш жамғармаси” ҳисобидан молиялаштирилади ва йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, хусусан, пиёдаларни тўқнашувлардан ҳимоя қилиш мақсадини кўзлайди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши учун масъул ташкилот — “Ягона буюртмачи хизмати”.

Аввалги қарорда (20 май) 2,044 миллиард сўм маблағ тақсимоти аниқ кўрсатилган эди:

  • 1,45 миллиард сўм — 5,6 км металл тўсиқлар ўрнатиш;

  • 588 миллион сўм — асосан мактаблар яқинидаги кўтарилган пиёдалар ўтиш жойлари учун.
    Маблағлар туманлар бўйича 28 млн сўмдан 84 млн сўмгача бўлган диапазонда тақсимланган.

Бироқ янги, 7 миллиард сўмлик қарорда ҳеч қандай аниқ ҳисоб-китоб, йўллар узунлиги ёки туманлар кесимида тақсимот кўрсатилмаган. Ҳужжатда маблағ оширилишига аниқ асослар ва ишлар ҳажми баён этилмаган.

Молиялаштириш миқдори катта даражада оширилганига қарамай, шахси кўрсатилмаган лойиҳа параметрлари ҳақида жамоатчиликка ҳали расмий маълумот берилмади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.