Тошкент вилоятида яшовчи эркак аёлни шахсий суратлари орқали таҳдид қилиб, пул талаб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Суд ҳукмига кўра, у 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судида кўрилган ишда аниқланишича, фуқаро интернет орқали аёл билан танишган. Ишончга кирган ҳолда, уни шахсий ва интим суратларини юборишга кўндирган. Кейин эса бу суратларни тарқатиш билан таҳдид қилиб, "сукут сақлаш" эвазига 300 доллар талаб қилган.
Аёл қўрқув ва ваҳимага тушган ҳолда ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган. Мурожаат асосида ташкил этилган тезкор тадбир давомида товламачи фуқаро пулни олиш пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълумот беришича, суд товламачилик ҳаракатлари учун унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси асосида айблов эълон қилган. Суд қарорига кўра, у 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Бу воқеа интернетдаги шахсий мулоқотлар ортида қандай хатарлар пинҳон эканини яна бир бор тасдиқлайди. Tехнология имкониятларини суистеъмол қилган ҳар қандай шахс жавобгарликдан қоча олмайди.