Такси бозорида ҳайдовчилар сони камайди, Cobalt эса энг кўп ишлатиладиган машинага айланди

Улашиш:

2025 йилнинг биринчи етти ойида Ўзбекистон расмий такси бозорида 262,2 миллион йўловчи ташилди. Бу давр мобайнида йўловчи ташиш айланмаси 5 трлн сўмдан ошди. Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 457,3 мингга яқин ҳайдовчи агрегаторлар орқали фаолият юритган, бу ўтган йилга нисбатан 40 минг нафарга кам.

Солиқ органлари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган агрегаторлар сони 215 тага етди — 2024 йил якунида бу кўрсаткич 155 та эди.

Айланманинг 72,2 фоизи (3,6 трлн сўм) нақд, 27,8 фоизи (1,4 трлн сўм) эса нақдсиз тўловларга тўғри келди. Ўртача битта чек 19 077 сўмни ташкил этди.

Ҳайдовчиларнинг 56,3 фоизи 30–50 ёшда, 36,3 фоизи 30 ёшгача, қолгани 50 ёшдан катта. Аёл ҳайдовчилар сонида пасайиш қайд этилди: уларнинг сони 2024 йилда 4124 нафарга етган бўлса, ҳозирда 3480 нафарни ташкил этмоқда.


  • 100 млн сўмдан ортиқ даромад олганлар — 1,8 минг (2024 йилда 4,7 минг),

  • 50–100 млн сўм — 19,1 минг (2024: 23,1 минг),

  • 10–50 млн сўм — 113,7 минг,

  • 5–10 млн сўм — 59,4 минг,

  • 1–5 млн сўм — 122,8 минг,

  • 1 млн сўмгача — 140,2 минг.

Энг кўп ишлатилаётган машиналар орасида Cobalt етакчилик қилмоқда — 23,5%. Ундан кейинги ўринларда Nexia (21,5%) ва Lacetti (16,9%) турибди. Электромобиллар ҳиссаси 1,8% га етди.

Автомобилларнинг ёши бўйича тақсимот шундай:

  • 1 йилгача — 2,1%,

  • 1–3 йил — 16,4%,

  • 3–5 йил — 42,5%,

  • 5–10 йил — 11,3%,

  • 10 йилдан катта — 27,7%.

Агрегаторлар жами 98,8 млрд сўм солиқ тўлаган, шу жумладан 55,4 млрд сўм қўшилган қиймат солиғи.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.