Бугун Тошкент шаҳрида буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллиги кенг нишонланди. Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Байрамона чора-тадбирлар икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, адабий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилди.



Тантаналар қозоқ шоири Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди. Унда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар қўмитаси раҳбарияти, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, дўстлик жамиятлари вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.








Куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида “Абай – қозоқ ва ўзбек халқларининг севимли шоири” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Конференцияни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб, шоирнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат ғоялари улуғланган асарлари халқларимиз маданиятига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўзлади. Шунингдек, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев Абайнинг бой мероси ва унинг қардош халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурматни кучайтиришдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Конференцияда Қозоғистон элчихонасининг маслаҳатчиси Сержан Сарсинбоев, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов, “Отандастар” фонди департаменти директори Ержан Муқаш ва бошқа нуфузли меҳмонлар шоирнинг туркий олам адабиётидаги ўрни, унинг фалсафий фикрлар билан суғорилган асарларининг аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистондан етук олимлар — профессор Қозоқбой Йўлдошев, адабиётшунос Турдиқул Шанбай, филология фанлари номзоди Тоти Кошенова ва бошқалар маърузалар қилди.





Юбилей доирасида кечқурун Ўзбек миллий академик драма театрида маданий-маърифий кеча ва концерт дастури ташкил этилди. Унда ўзбек ва қозоқ халқларининг таниқли санъаткорлари саҳнага чиқиб, икки миллатнинг бой мусиқа ва шеърият анъаналарини намойиш этди, томошабинларга кўтаринки руҳ ва чуқур таассурот улашди.
Миллатлараро муносабатлар қўмитаси Ахборот хизмати