Қўқонда йирик миқдорда қалбаки пул муомалага киритиш билан шуғулланган маҳаллий фуқаро ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, 2003 йилда туғилган шахс 50 млн сўмлик қалбаки купюрани ҳақиқий 8 млн сўмга «шартли харидор»га сотиш вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Текширув давомида унинг уйидан 50, 100 ва 200 минг сўмлик жами 315,5 млн сўмлик қалбаки купюралар ҳамда 100 долларлик жами 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки банкнотлар топилиб, мусодара қилинди.
Ҳозирда шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Қалбаки пулларни етказиб берган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан чора кўриш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.