Парламент қуйи палатаси мажлисида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ҳамда ижро иши юритиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилган депутат Анвархон Темировнинг айтишича, бугунги кунда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда инсон омилини камайтириш, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг минимал турмуш даражасини таъминлаш учун зарур бўлган мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ҳамда такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромадни ўрнатиш, давлат ижрочилари томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширишда мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда инсон омилининг камайишига, мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда одил судлов самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.