Ўзбекистон Миграция агентлиги чет элда қуролли можароларда иштирок этиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида огоҳлантирди ва муҳожирларга бу жиноят эканини эслатди.
Агентлик ахборотига кўра, қатор давлатларда меҳнат мигрантларини қуролли ҳаракатларга ёллаш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бу нафақат ҳаёт ва эркинликка хавф солади, балки Жиноят кодексига мувофиқ, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Таъкидланишича, қуйидагилар қатъий тақиқланади: қуролли можаролар ҳудудига яқинлашиш, ҳарбий операцияларда иштирок этиш, хорижий қуролли кучлар ёки хавфсизлик тузилмалари сафига қўшилиш, ҳамда шубҳали шахслар ёки ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ёллаш таклифларига розилик бериш.
Миграция агентлиги шубҳали таклиф ёки вазиятларда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки агентлик ваколатхоналарига мурожаат қилишни тавсия қилди.