Ўзбекистонда банкларда ахборот хавфсизлиги хизматлари ташкил этилади

Улашиш:

Ўзбекистон тижорат банкларида ва уларнинг филиалларида мижозлар маълумотларини ҳимоя қилиш ва киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида ахборот хавфсизлиги хизматлари ташкил этилади. Бу ҳақда Марказий банк томонидан қабул қилинган ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган янги низомда белгиланди. Қарор уч ойдан сўнг амалга киритилади.

Низомга кўра, ҳар бир банк ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича махсус хизмат тузиши шарт. Хизматнинг асосий вазифаси – банк ахборот активлари, тўлов маълумотлари ва мижозлар маълумотларини ноқонуний ўзгариш, ўғирланиш ёки зарар етказиш ҳолатларидан ҳимоя қилишдир. Шунингдек, хизмат киберхужумларни олдини олиш, юз берган нохуш ҳодисаларни таҳлил қилиш, банк ва шахсий сирларни сақлаш устидан назоратни кучайтириш билан шуғулланади.

Банклар ўз ички сиёсатларини ишлаб чиқиб, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатъий қоидаларни жорий қилиши керак. Хусусан, маълумотлар базасига рухсатсиз кириш, паролларни билиб олиш, тизим файлларига ҳужум қилиш, зарарли дастурлар ўрнатиш ва масофавий сервер ҳужумларини чеклаш учун чоралар кўрилади.

Шунингдек, тармоқлараро экран қурилмалари ва прокси-серверлар баённомалари доимий равишда таҳлил қилинади. Агар ташқи ҳужумлар аниқланса, бу ҳақда Марказий банкка зудлик билан хабар берилиши шарт.

Янги тартиб банк тизимини рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилишда ва мижозлар ишончини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.