Англия Премьер-лигасининг йирик юлдузи, “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ Профессионал футболчилар ассоциацияси (PFA) томонидан 2025 йилда йилнинг энг яхши футболчиси деб эълон қилинди. У бу совринни уч марта қўлга киритган тарихдаги биринчи футболчи сифатида яна бир рекорд ўрнатди.
33 ёшли Салоҳ 2024/2025 йилги мавсумда “Ливерпуль” чемпионлик йўлида ҳал қилувчи роль ўйнади ва Премьер-лиганинг энг яхши тўпурарига айланди. У 29 та гол уриб, жамоасига ғалабалар олиб келди. Ушбу мукофот учун Салоҳ билан бирга жамоадоши Алексис Мак Аллистер, “Манчестер Юнайтед” сардори Бруну Фернандеш, “Ньюкасл” ҳужумчиси Александер Исак, “Челси” футболчиси Коул Палмер ва “Арсенал” ярим ҳимоячиси Деклан Райс ҳам номзодлар рўйхатида бўлган.
Шунингдек, PFAнинг “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” мукофоти “Астон Вилла” ярим ҳимоячиси Морган Рожерсга топширилди. 23 ёшли футболчи 2024 йил февралида “Мидлсбро”дан 15 миллион фунтга келиб қўшилган ва Унаи Эмери қўл остида тезда асосий таркибга айланди. У мавсум давомида 54 учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва жамоаси Премьер-лигада 6-ўрин, Чемпионлар лигаси чорак финали ҳамда Англия кубоги ярим финалига қадар етиб борди.
Бундан ташқари, Англия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Гарет Саутгейт 2025 йилда PFAнинг махсус мукофотига сазовор бўлди. У 2016–2024 йиллар давомида миллий жамоани бошқариб, Евро-2020 ва Евро-2024 финаллари ҳамда 2018 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалига олиб чиққан эди. Унинг футболга қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.