Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йил 2-мавсумидаги овоз бериш жараёни якунланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, умумий қиймати 3,2 трлн сўмлик 2 332 та лойиҳа ғолиб деб топилди.
Бу йилги мавсум бир неча босқичда ўтказилди:
1-босқич: 15 июль – 3 август кунлари лойиҳалар рўйхатга олинди;
Саралаш босқичи: 4 август – 18 август;
Тарғибот босқичи: 19 август – 21 август;
Овоз бериш босқичи: 22 август – 31 август.
Овоз бериш жараёнида фуқаролар ўз ҳудудида амалга оширилишини истаган ташаббусларга тўғридан-тўғри овоз бериш имкониятига эга бўлишди. Ғолиб бўлган лойиҳалар орасида ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, йўл ва ичимлик суви таъминотини кенгайтириш, таълим муассасаларини таъмирлаш ва янги объектлар қуриш каби муҳим йўналишлар катта улушни ташкил этмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумот беришича, ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш жараёнлари босқичма-босқич бошланади.
Ғолиб бўлган лойиҳалар рўйхати билан танишиш учун вазирликнинг расмий ҳаволаси орқали мурожаат қилиш мумкин.