«Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми 17-июлдан бошланади

Улашиш:

«Ташаббусли бюджет» жараёнининг жорий йилги 2-мавсуми 17 июлдан бошланади. Бу мавсум учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 1 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет» жараёнининг жорий йилги 2-мавсуми 17 июль куни соат 10:00 дан старт олишини маълум қилди.

  • 1-босқич — фуқаролар томонидан лойиҳаларни шакллантириш жараёнлари 17 июлдан 6 августгача;
  • 2-босқич — лойиҳаларни махсус комиссия томонидан саралаб олиш жараёнлари 6 августдан 26 августгача;
  • 3️-босқич — лойиҳаларга овоз бериш жараёнлари 26 августдан 15 сентябргача ўтказилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мавсум учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 1 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши кутилмоқда. Бу маблағлар мавсум якунига қадар ортиб бориши айтилган.

Фуқаролар жараёнда иштирок этиш шартлари бўйича ўзини қизиқтирган саволларга ушбу ҳавола орқали жавоб олиши мумкин.

Маълумот ўрнида, 2022 йил 12 октябрь кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига берилишини маълум қилганди.

«Умуман, келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина „Ташаббусли бюджет“ орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади. Бунда „Ташаббусли бюджет“ лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилади», — деганди президент.

2023 йил февраль ойида «Ташаббусли бюджет» 1-мавсумига жами 1,7 трлн сўм ажратилиши маълум бўлган. Жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун 2023 йилда бюджетдан ажратиладиган жами 8 трлн сўм маблағ қуйидагича тақсимланиши режалаштирилган:

2 трлн сўм — «Ташаббусли бюджет» жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган;
320 млрд сўм — «Менинг йўлим» лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган;
4 трлн сўм — «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш учун.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.