Телевизор қаршисида узоқ вақт ўтириш инсон руҳияти учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Халқаро олимлар гуруҳи 65 мингдан ортиқ катта ёшдаги иштирокчилар маълумотларини таҳлил қилиб, экран қаршисида узоқ қолиш депрессия ривожланиш хавфини оширишини аниқлади.
Тадқиқотнинг натижалари European Psychiatry журналида чоп этилди. Унга кўра, айниқса ўрта ёшдаги инсонлар телевизор қаршисидаги вақтини жисмоний фаоллик ёки етарли уйқу билан алмаштирса, руҳий саломатлик учун катта фойда келтириши мумкин.
Олимлар қайд этишича, кекса ёшдаги иштирокчиларда фақат спорт машғулотлари депрессия хавфини пасайтиради. Ёшлар орасида эса телевизор кўришнинг руҳий ҳолатга жиддий салбий таъсири топилмаган.
Мутахассислар огоҳлантиради: телевизор қаршисида узоқ вақт ўтиришнинг доимий одатга айланиши руҳий касалликлар учун хавф омили сифатида қаралиши керак. Шу сабабли вақтни фаол ва ижобий ҳаракатлар билан ўтказиш депрессиянинг олдини олишнинг самарали чораси ҳисобланади.