Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан Фарғона, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида солиқ инспектори, юристконсулт ва бошқа мансабдорлар пора олиш пайтида ушланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг январь ойида Фарғона вилояти Фурқат туманидаги “Ёшлар кичик саноат зонаси” ҳудудидан маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга 22 сотих ер майдони ижарага берилган. Аммо МЧЖ раҳбари, муқаддам судланган бўлишига қарамай, ер майдонини 52 минг АҚШ долларига ноқонуний сотишга келишган. Унинг режасига кўра, ҳокимлик ҳузуридаги дирекцияда ишловчи таниши орқали ерни хусусийлаштириш учун қўшимча 15 минг доллар талаб қилинган. Жами 67 минг доллар сўралган пора вақтида улар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, Тошкент вилоятида ҳам шов-шувли ҳолат кузатилди. Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси юристконсульти Бўка туманидаги хусусий МЧЖ таъсисчиси манфаати йўлида суд жараёнини ижобий ҳал қилиб бериш учун 15 минг АҚШ доллари олган пайтда ушланди.
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида эса солиқ инспектори 1999 йилда туғилган шериги билан бирга тадбиркорнинг қарздорлигини ҳал қилиш баҳонасида 8 миллион сўм талаб қилган. Тезкор тадбирда аввал шериги пулни олган пайтда, сўнгра эса солиқ инспектори учинчи шахс орқали 6 миллион сўмни қабул қилаётганда қўлга олинди.
Ҳар уч ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Солиқ инспектори ва юристконсултка нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. ДХХ маълумот беришича, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бу каби ҳолатлар давлат органларида коррупция хавфининг ҳали ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. ДХХ ва тегишли идоралар эса бундай қонунбузарликларга нисбатан қатъий чоралар кўришини таъкидламоқда.