Наманганда поезд Gentra’ни уриб юборди — 6 киши ҳалок бўлди

Улашиш:

Наманган вилоятида содир бўлган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисасида 6 киши ҳалок бўлди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабарига кўра, фожеа Чортоқ ва Уйчи бекатлари оралиғидаги қўриқланмаган темирйўл кесишмасида қайд этилган.

Маълумотларга кўра, Gentra енгил автомобили ҳайдовчиси ҳаракатланиш қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда яқинлашиб келаётган поезд олдидан ўтишга уриниб, поезд билан тўқнашган. Автомобилда беш аёл ва бир кичик бола бўлиб, барчаси воқеа жойида ҳалок бўлган.

Поезд машинистлари шошилинч тормоз беришга уринган, аммо юқори тезлик сабабли фожеанинг олдини олиш имкони бўлмаган. Поезднинг ўзига озгина техник зарар етган.

Бу нафақат Наманганда, балки бутун мамлакатда пиёдалар ва ҳайдовчилар орасида йўл хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш зарурлигини яна бир бор эслатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябр куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳри яқинида A-373 “Тошкент–Ўш” халқаро йўлида ҳам йирик йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, дастлабки маълумотларга кўра 7 киши ҳалок бўлган эди. Кейинчалик, Фарғона вилояти ҳокимининг 9 сентябрдаги фармойишига кўра ҳалок бўлганлар сони 11 нафарга етгани, 6 киши турли даражада жароҳатланиб шифохонага ётқизилгани маълум қилинди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.