Ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилиш учун жавобгарликнинг кучайтирилиши — ҳуқуқий ҳимоя тизимининг янги босқичи

Улашиш:

Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш, оилавий сир ва шаънини ҳимоя қилиш — ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатда суд адолатининг муҳим устунларидан бири ҳисобланади. Бу тамойилнинг кафолатланиши суд жараёнларида махфийлик режимига риоя қилиш, айниқса ёпиқ суд мажлисларида муҳокама қилинган маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир.

Шу нуқтаи назардан, 2025 йил 26 сентябрь куни Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ва Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун (ЎРҚ–1084-сон) мамлакат суд тизимида ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилмаслик — ҳуқуқий мажбурият сифатида

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 239-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилиб, ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилинган маълумотлар ва тафсилотларни суд рухсатисиз ошкор қилган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бу ўзгариш амалдаги қонунчиликдаги катта ҳуқуқий бўшлиқни тўлдирди. Илгари бундай ҳолатда асосан интизомий ёки маъмурий чоралар кўрилган бўлса, энди ёпиқ суд муҳокамаси маълумотларини ошкор қилиш жиноят сифатида баҳоланади.

Шу билан бирга, барча процесс иштирокчилари — тарафлар, адвокатлар, экспертлар, таржимонлар ва бошқа шахслар суд мажлиси бошланишидан аввал ёзма равишда тилхат бериш орқали мазкур мажбурият ҳақида расман огоҳлантирилади.

Қонун билан бир вақтнинг ўзида бир қатор процессуал кодексларга — жиноят-процессуал, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш кодексларига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Унга кўра:

 -ёпиқ суд муҳокамаси маълумотларини суд рухсатисиз ошкор қилиш тақиқланди;

 -суд мажлисларида қатнашувчилардан ёзма тилхат олиш мажбурияти белгилаб қўйилди;

 -ушбу талабларни бузган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Бу ўзгаришлар суд жараёнларида махфийликнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайди ва суд тизимига жамият ишончини оширишга хизмат қилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги ва оилавий сирини ҳимоя қилишни кафолатлайди. Суд мажлисларидаги ёпиқ муҳокама институти ҳам айнан шу конституциявий тамойилни амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

Қонунга киритилган мазкур ўзгаришлар бу кафолатнинг амалдаги ижросини таъминлашда ҳуқуқий механизмлар тизимини янада мустаҳкамлайди.

Қонун ижросини таъминлаш ва унинг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия вазирлиги ва бошқа ваколатли органлар қатор амалий чоралар кўришлари лозим. Жумладан:

 -судларда ёпиқ муҳокама жараёнларини ташкил этиш ва назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш;

 -процесс иштирокчиларини хабардор қилиш ва огоҳлантириш амалиётини стандартлаштириш;

 -ҳуқуқбузарлик ҳолатларига нисбатан жиноий жавобгарликни қўллашда бир хил суд амалиётини шакллантириш.

Қонунга киритилган мазкур ўзгартишлар суд тизимида махфийлик режимига риоя қилишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарадорлигини оширади ва жамиятда суд ҳокимиятига ишончни мустаҳкамлайди. Бу эса демократик ҳуқуқий давлатда одил судловнинг ажралмас шарти ҳисобланади.

А.Сайфитдинов - Жиззах вилоят маъмурий судининг судьяси      

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.