Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 25 йил давомида изланиб келган, халқаро терроризмга алоқадор фуқаро қўлга олингани катта сиёсий ва хавфсизлик аҳамиятига эга воқеадир. Бу нафақат бир жиноий шахснинг жавобгарликка тортилиши, балки мамлакат хавфсизлик стратегиясидаги изчиллик ва халқаро ҳамкорлик самарасининг амалий кўринишидир.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, ушбу фуқаро 1999 йилда «ҳижрат» ва «жиҳод» ғояларини қўллаб-қувватлаб, мамлакатни тарк этиб, Афғонистон, Покистон ҳамда Суриядаги халқаро террористик ҳаракатлар сафида жанговар фаолиятда иштирок этган. Бу мамлакат хавфсизлигига йўналтирилган жиддий таҳдид сифатида баҳоланиши табиий.
Шахс ўзганинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар билан йиллар давомида яшириниб юрган. Унга нисбатан ЖKнинг терроризм, ёлланиш ва конституциявий тузумга тажовуз қилиш билан боғлиқ бир қатор моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.