Хитойда темир йўл хавфсизлиги масаласи яна долзарб бўлди. 27 ноябрь куни Юннан провинциясида синовдан ўтаётган поезд темир йўлда хизмат олиб бораётган ишчиларни босиб кетди — расмий маълумотларга кўра, 11 киши ҳалок бўлди, яна камида икки нафар жабрланди. Бу навбатдаги фожиа — мамлакатнинг жаҳондаги энг йирик ва энг юқори тезликда ривожланаётган темир йўл тармоғида хавфсизлик протоколлари қай даражада ишлаётгани борасида жиддий саволларни пайдо қилмоқда.
Муҳими, ҳодиса поезд йўловчиси бор қатновда эмас, балки синов жараёнида содир бўлган. Бундай босқичда хавфсизлик тартиблари, одатда, янада кучли назорат қилинади. Лекин “Лоянчжен” станцияси ҳудудида бурилишдан ўтаётган 55537-сонли поезд йўл устида бўлган ишчиларни кўрмагани ёки огоҳлантириш тизими ишламагани катта эҳтиётсизликдан дарак беради.
Расмийлар фавқулодда режани ишга туширганини, транспорт ҳаракати тикланганини маълум қилган. Аммо бу фақат оқибатни бартараф этиш. Сабабни аниқлаш ва келгусида бундай ҳолатнинг такрорланмаслиги учун тизимли чора талаб қилинади.
Хитой темир йўл тармоғи — 160 минг километдан ортиқ инфратузилмага эга улкан тизим. Ҳар йили миллиардлаб йўловчилар ташилади. Юқори тезликдаги поездлар мамлакат тараққиётининг рамзи сифатида кўрсатилади. Бироқ бундай катта тизимда хавфсизлик бузилиши оқибатлари ҳам мутаносиб даражада ҳалокатли бўлади.
Шунинг учун ўтган йиллар мобайнида содир бўлган йирик ҳодисалар ҳали-ҳануз жамоатчилик хотирасида. Масалан, 2011 йилда Чжецзян провинциясидаги йўловчи поездлар тўқнашуви 40 киши умрини ҳалок қилган, 200 дан зиёд одамни жароҳатлантирган эди. 2021 йилда эса Гансу вилоятида худди шундай ҳолатда 9 темир йўл ишчиси қурбон бўлган.
Бугунги фожиа эса шу йўлдаги эски муаммолар ҳали тўлиқ ҳал этилмаганини яна бир бор кўрсатди. Савол пайдо бўлади: юқори технологияли инфратузилма барпо этишнинг ўзи етарлими? Агар хавфсизлик талаблари бажарилмаса ва инсон омили назорат қилинмаса — энг замонавий тармоқ ҳам ҳалокат майдонига айланиши мумкин.
Кунминда юз берган бу фожиа — тизимдаги масъулият, сигнализация, ишчи-ходимларнинг ҳимояси ва хавфсизлик маданиятини қайта кўриб чиқиш учун оғир, аммо катта сабоқ. Авариядан кейинги тезкор ҳаракат — ижобий. Аммо келажак учун ҳақиқий қадам — сабабларни очиқ ва шаффоф тергов қилиш, ечимларни эълон қилиш ва жорий этишдир.
Хитой темир йўллари ўзининг улкан қуввати билан фахрланади. Аммо энди фахр билан бирга жавобгарлик ҳам юкланган: ҳар бир метр рельс — инсон ҳаёти билан оид. Ва бу ҳақиқатни ҳеч қандай ривож, ҳеч қандай статистика ёпиб қўя олмайди.