Сирдарё вилояти солиқ бошқармасида хизмат фаолиятида очиқликни таъминлаш ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Солиқ қўмитасининг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлисга ва кўп миллатли Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномада 2026-йил учун белгилаб берилган устувор йўналишлар батафсил тушунтирилди.
Тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар, шунингдек, солиқ ходимларининг касбий масъулияти ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, туман ва шаҳар солиқ инспекциялари ходимлари семинарда ZООМ платформаси орқали масофадан туриб иштирок этди. Мазкур тадбир солиқ тизими ходимлари ўртасида ҳалоллик, қонунийлик ва масъулият тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билдирилди.
Семинар жараёнида коррупциянинг барвақт олдини олишнинг муҳимлиги, унинг салбий оқибатлари, шунингдек, солиқ ходимлари учун яратилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиб, шарафли касбга садоқат билан ёндашиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида айрим таркибий бўлинмалар фаолиятида коррупцион хавф омиллари мавжудлиги танқидий таҳлил қилиниб, коррупцияга мойил ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли хулоса ва тавсиялар билдирилди.