Тошкентда ер солиғи қимматлашяпти: 2026 йилда ким қанча тўлайди?

Улашиш:

2026 йилдан Тошкент шаҳрида ер солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгармоқда. Бу ҳақда Buxgalter.uz маълум қилди.

Айтилишича, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари 10 январга қадар ер солиғи ставкаларига қўлланиладиган ҳудудий коэффициентларни тасдиқлаши керак эди. Айни пайтда пойтахт туманларининг аксарияти бу қарорни қабул қилди, бироқ айрим ҳудудларда ҳали ҳам аниқлик йўқ.

Қайси туманларда коэффициентлар тасдиқланди?

Қарор қабул қилинган туманлар:

  • Бектемир
  • Миробод
  • Мирзо Улуғбек
  • Сергели
  • Шайхонтоҳур
  • Юнусобод
  • Янгиҳаёт
  • Яшнобод

Бу туманларда 2026 йил учун ер солиғи аниқ коэффициентлар асосида ҳисобланади.

Учтепа, Чилонзор ва Яккасарой туманлари кенгашлари ҳали қарор матнини эълон қилишмади. Олмазор тумани бўйича қарор техник сабабларга кўра ҳозирча очиқ эълон қилинмаган.

Ер солиғи икки асосий қисмдан шаклланади:

1. Базавий ставка
 У Солиқ кодексида белгиланган бўлиб, ер жойлашган зонага қараб 1 гектар учун ҳисобланади.

2. Ҳудудий коэффициент
 Туман кенгашлари томонидан белгиланади ва 0,7 дан 3,0 гача бўлиши мумкин. Айнан шу коэффициент солиқ миқдорини кескин ошириши ёки камайтириши мумкин. 

Бу ўзгаришлар ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар ва бизнес субъектларининг харажатларига бевосита таъсир қилади.

2026 йил учун Тошкент шаҳрида базавий ставкалар

(қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар)

  • 1-зона — 319,0 млн сўм
  • 2-зона — 254,2 млн сўм
  • 3-зона — 196,6 млн сўм
  • 4-зона — 130,6 млн сўм
  • 5-зона — 65,9 млн сўм

Масалан, агар 1-зонада жойлашган ер учун туман кенгаши 2,0 коэффициент белгиласа, 1 гектар учун солиқ миқдори 600 млн сўмдан ошиб кетиши мумкин.

2026 йилда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қишлоқ хўжалиги ерлари учун солиқ ставкаларига 0,5 дан 1,2 гача бўлган камайтирувчи ёки оширувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Қачон ва кимлар тўлайди?

Қонунга кўра, жисмоний шахслар ер солиғини йилига икки марта — 15 апрель ва 15 октябрга қадар тенг улушларда тўлайди.

Ер солиғи:

  • уй-жой қурилиши учун берилган ерлар,
  • деҳқон ва қишлоқ хўжалиги ерлари,
  • гаражлар,
  • мерос ёки ҳадя асосида олинган ерлар,
  • тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилаётган бинолар остидаги ер участкалари учун ундирилади.

Қурилиши тугалланмаган объектлар ёки ҳужжатсиз эгаллаб олинган ер участкалари учун ер солиғи бир неча баробар юқори ҳисобланади.

Оддий қилиб айтганда, марказга яқин ва инфратузилмаси ривожланган ҳудудларда ердан фойдаланиш янада қимматлашади. Чекка ҳудудларда солиқ пастроқ бўлиши мумкин.

Мутахассислар ер эгаларига ҳисоб-китоб қилишда фақат базавий ставка билан чекланмасдан, ўз туманида тасдиқланган аниқ коэффициентларни текширишни тавсия қилмоқда.  

Ҳакимжон Фозилов

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.