Давлат хизматлари кўрсатишда аниқланган камчиликлар муҳокама қилинди

Улашиш:

2018 йилнинг 31 мартида Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинган эди.  Яқинда Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси томонидан Маъмурий регламентлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, улар ижроси юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва амалиётда аниқланган муаммоларни ҳал этишга қаратилган семинар ташкил этилди.

Илгари юридик ва жисмоний шахслар тадбиркорлик ёки бошқа турдаги фаолиятни бошлашлари учун турли хил давлат идоралари ва ташкилотларига мурожаат этиб, талаб қилинган хужжатларни тахлаш мобайнида ортиқча ва беҳуда вақтларини сарфлашларига, оворагарчиликларга дуч келишарди.  Бундай ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга янада қулайлик яратиш мақсадида 2018 йилнинг 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. 

Мазкур қарорнинг 7-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг улар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши фаолияти устидан назорат олиб бориш вазифаси юклатилган.

Ушбу қарор ижроси юзасидан, ўтган давр мобайнида Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси томонидан доимий мониторинг ва ўрганишлар ўтказилиб келинмоқда, - дейди  ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Бобур Олимжонов.

Шу каби муаммоларни ўрганиш, юзага келган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли орган вакиллари ҳисобланган Мажбурий ижро бюроси, газ, электр ва ичимлик суви таъминоти корхоналари вакиллари иштирокида  семинар ташкил этилди.

Унда, 2019 йил давомида ўтказилган ўрганишлар ва мониторинглар натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ахборот берилди. Маълумотларга кўра,  ушбу ҳолатлари юзасидан 21 та тақдимнома киритилиб, 3 нафар ходим интизомий жавобгарликка, 23 нафар мансабдор шахс ва хизматчилар эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қўлланилган таъсир чораларига қарамасдан муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан ваколатли органлар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда.

Хусусан, Ўзтрансгаз” АЖ Жиззах вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан
Табиий газни ҳисобга олиш приборини пломбалаш, газ таъминоти шартномасини тузиш давлат хизмати бўйича жами 3718 та мурожаатларга белгиланган муддатда жавоб берилмаган.

Газ ҳисоблагич ускунасини ечиш ва ўрнатиш бўйича 1429 та  мурожаатларга ҳозирги кунга қадар жавоб берилмаган.

Жиззах вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан эса 2018 йилда 851 та, 2019 йилда эса 1330 та жисмоний ва юридик шахслар билан электр таъминоти шартномаси тўғридан-тўғри тузилган.

Жиззах вилоят “Сувоқова” ДУКнинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш юзасидан жами 83 та ҳолатда муддат бузилган.

Юқоридаги давлат хизматлари тўғридан-тўғри кўрсатилиши оқибатида, давлат бюджетига тушиши мумкин бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилмасдан қолган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур семинар натижасида ушбу камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланди. Ваколатли органларнинг мурожаатлар билан ишловчи мутахассислари зиммасидаги вазифалар яна бир бор тушунтирилди. Ваҳоланки, мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг муҳандислик коммуникация тармоқларига уланишида юзага келиши мумкин бўлган сарсонгарчилик ва муддат бузилиш ҳолатларини бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффофлигини таъминлаш асосий мақсад ҳисобланади.

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.