Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев вафот этди

Улашиш:

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев вафот этди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ўктам Барноев.

«Бугун давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди», — дейилади ЎзАнинг 20 сентябрдаги ахборотида.

Июлда Ўктам Барноевда коронавирусга чалингани, у Тошкентдаги Akfa Medline хусусий клиникасида даволанаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

УЗ24’нинг ҳукуматга яқин манбаларга таяниб хабар беришича, Барноевда коронавирусдан сўнг инсульт кузатилган, шундан кейин у даволаниш ва бош миясида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Германияга олиб кетилган ва ўша ерда вафот этган.

UzNews нашри ҳам Ўктам Барноев ўлими арафасида Германияда даволанишда бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Ўктам Барноев (1964 йилда туғилган) Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган (1981—1986). 1997—2000 йилларда Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2000—2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган.

2002—2004 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуасида етакчи мутахассис, 2004—2005 йилларда ҳукуматнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2005—2007 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, 2007—2008 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари, 2008—2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими, 2011—2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Республика сув инспекцияси бошлиғи, 2016 йилда «Ўзагрокимё» компанияси бошқаруви раиси лавозимларида фаолият олиб борган. У 2016—2020 йилларда Бухоро вилояти ҳокими бўлиб ишлаган, 2020 йил февралидан эса бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди.

2020 йил 6 июль куни Ўктам Барноев Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси этиб сайлангани маълум бўлган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.