Дўстлик туманидаги қўштирноқ ичидаги блогернинг иддаолари асоссиз бўлиб чиқди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда тадбиркор ва блогер Зоҳид Жумаев турмуш ўртоғи Шоҳида Шойимардонова номига ажратилиб берилган 225 метр квадрат ер майдони бўйича чиқишлар қилмоқда.

Сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватланиши, яратилган қулайликлар З.Жумаев каби ишбилармон кишиларга қўл келди. Улар сони туманда йил сайин ортиб бормоқда.

Аслида 2013 йилда  қаҳрамонимиз бошига бахт қуши қўнган эди. Шаҳар марказига яқин бўлган жойдан турмуш ўртоғи Шоҳида Шохимардонова номига ер ажратилиб, катта имконият берилганди. Боиси, ҳозирги пайтда марказдан бундай катта майдонда ер олишнинг иложи йўқ.

 

З.Жумаевга шундай шароит яратиб берилибди, қурилишларни бошлаб, тадбиркорлигини гуллатиб юборган, деб ўйлаётгандирсиз.Йўқ, аксинча, у бундай катта майдондаги ерга эга бўлди-ю, унга ҳеч нарса қурмасдан фақат ернинг умрини ўтказди, холос.Шоҳида Шохимардонова учун ажратилган ер майдони атрофида бир биридан кўркам бинолар бунёд этилди.

Тадбиркорга ишониб берилган ер эса ўт босиб тўқайзорга айланди. Ҳа, ер увол бўлди.Бу йил бошида Дўстлик туманидаги ёш тадбиркорлари учун ажойиб янгилик тарқалди.

“Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳисобидан қарийб 14 миллиард сўмлик смета ҳужжатлари асосида “Технопарк” ташкил этиш бўйича йирик лойиҳалардан бири туманда бунёд этилиши режалаштирилди. 16,6 минг метр квадрат ер майдони талаб этиладиган лойиҳа учун шаҳар марказидан ажратиш учун ер йўқ. Маслаҳатлашилиб, қаровсиз, ташландиқ, тўқайзорга айланган жой танлаб олинди. Хўш, Сизнингча, нима қилиш керак эди?

Тадбиркорнинг имконияти бўлиб қолар, деб яна етти йил кутиш керакмиди? Зоҳид Жумаев туман ҳокимининг 2013 йилда чиқарилган “Савдо ва маиший хизмат, кафетерий ва салқин ичимликлар сотиш шохобчаси қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида”ги Шоҳида Шохимардонова номига расмийлаштирилган қарорни охиригача ўқиб чиқиши, шартлари билан танишиши керак эмасмиди? Кўрган кўзни қувнатадиган қилиб қурилишлар қилиши-чи?

Туманда “технопарк” қуришга киришилиб, махсус техникалар ер текислаш ишларини бошлаган кунни ёдга оламиз. Ишлар бошланганининг иккинчи кунига ўтар кечаси йирик қурилиш учун ажратилган ердан қинғир-қийшиқ тўрт девор тонгда бўй кўрсатди.

Аслида Шоҳида Шохимардонова учун ажратилган ердан замонавий қурилиш етти йил деганда эмас, ер қўлга киритилгандан бошлаб икки йил ичида қурилиши керак эди. Бу талаб қарорнинг 3-бандида алоҳида кўрсатиб қўйилган.

Тарқатилган видеолавҳаларда ажратиб берилган ер майдони учун кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилмагани айтилади. Қолган ишга қор ёғади. Орада йиллар ўтиб расмийлаштирилмаган, устига устак низоли ер майдони устидан қайси давлат хизматчисининг боши иккита-ки, унга кадастр ҳужжатини тайёрлаб З.Жумаевнинг қўлига тутгани.

Шунингдек, блогер бетартиб деб баҳолаётган давлат идорасига мурожаат қилинганида, раҳбарнинг имзоси билан мурожаат тегишли мутасаддига йўналтирилади. Оддий мутахассис раҳбарнинг рухсатисиз, ўзбошимчаликка йўл қўймайди. Буни ёш бола ҳам яхши тушунади.   

Ёки шу вақтлар ичида тадбиркор неча маротаба тижорат банкларидан кредитлар олгани, бу бўйича неча кишини иш билан банд қилгани, давлатга қанча солиқ тўлагани тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади.

Хуллас, излаганга баҳона топилади, изланганга имконият етарли.

Хулосани эса ўзингиз чиқариб олаверинг!

Дўстлик тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.