Ўзбекистонда 2025 йилда давлат амалдорлари учун харажатларни сезиларли даражада қисқартириш бўйича янги қоидалар жорий этилди. Президентнинг давлат бюджети ижроси тўғрисидаги қарорига кўра, амалдорларга иш ҳақини ошириш, хизмат машиналари ва қимматбаҳо мебель сотиб олиш тақиқланди. Шунингдек, молиялаштириш манбаисиз тадбирларни ўтказиш ҳам чекланади.
Тежамкорлик чоралари:
- Бюджет ташкилотлари (таълим ва тиббиёт муассасаларидан ташқари) 2025 йилда мебель ва офис анжомлари учун харажатларни ўтган йилга нисбатан 10 фоизга қисқартиришлари талаб этилади.
- Давлат органларига маҳаллий бюджетлардан бошқарув ходимларининг иш ҳақини ошириш ёки хизмат машиналари ва қимматбаҳо мебель сотиб олиш бўйича таклифлар киритиш ман этилган. Бу тақиқ таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги махсус техника ва ускуналарга тааллуқли эмас.
- Қўшимча харажатларга фақат қўшимча даромадлар мавжуд бўлганда ёки бошқа харажат моддаларини қисқартириш ҳисобига рухсат берилади.
Маҳаллий бюджетлар учун имкониятлар:
Президент қарорига кўра, маҳаллий бюджетларга айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи ва юридик шахсларнинг ер солиғи тўлиқ ҳажмда қолдирилади. Шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушган тушумларнинг камида ярми маҳаллий бюджетларда сақланади.
Ушбу чоралар давлат маблағларини тежаш ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.