ФҲДЁ органларида блокчейн тизимидан фойдаланилади

Улашиш:

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб ФДҲЁ соҳаси Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилганидан сўнг бу тизимда бир қанча ўзгариш ва янгиланишлар бўлди. Тез орада соҳада блокчейн тизими жорий этилади.
Мамлакатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимини блокчейн технологиясига ўтказиш белгиланган бўлиб, бунда давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий қилиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтмоқчимиз, мазкур муҳим такомиллаштириш ишларида давлат бюджетидан маблағлар олинмайди.
«ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимининг блокчейн технологияси асосида модернизация қилиш Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосида Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТ ТД) қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Соҳада Блокчейннинг вазифаси нимадан иборат?
Блокчейн «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига қўшимча махсус аппарат воситаларидан фойдаланмасдан хавфсиз кириш ва тизимдан фойдаланиш имкониятини яратади.
Киритилган фуқаролик ҳолати ёзувлари блоклар деб аталувчи хэш-функция ёрдамида ўзгармас блокка жойлаштирилади (хэшлаш). Демак, энди қоғозлардан вақт сарфлаб излашга барҳам берилади, хар бир холат блокчейнда ўзининг боликига эга бўлади.
БЛОКЧЕЙН ЎЗИ НИМА?
Блокчейн — бу тизим иштирокчилари воситачисиз бир-бирига маълумотларни ишончли тарзда узатиш имконини берувчи технология. Масалан, блокчейнда пул кўчирмалари ва бошқа активларни ҳам сақласа бўлади. Умуман олганда, нимани қоғозда ёзишнинг имкони бўлса, ўша нарсаларнинг барчасини блокчейнда ҳам ёзиш мумкин бўлади, фақат биргина фарқ билан – блокчейнда ёзувларни алмаштириш ва сохталаштиришнинг имкони йўқ.
Маълумотлар фақатгина тизимда рўйхатдан ўтказилган аккаунтлар томонидан киритилади. Яъни, ҳар бир иштирок этувчига махсус логин ва пароль берилади. Яна бир жиҳати шундаки, қайси аккаунт эгаси қачон ва нима маълумот киритгани шаффоф кўриниб туради. Бу эса тизимда фирибгарликларни олдини олишга ёрдам беради.
Блокчейн тизимида фойдаланувчи мустақил равишда алоҳида блокдаги маълумотни ўзгартиролмайди. Яъни бир блокдаги маълумотнинг ўзгартирилиши барча аввалги блокларга таъсир қилади. Шу жиҳатдан ахборот хавфсизлиги таъминланади ҳамда тизимда ҳам шаффофлик таъминланади.
«ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимининг блокчейн технологияси асосида модернизация қилиш ишларини тўлиқ якунлаш ҳамда амалиётга татбиқ қилиш жорий йилнинг декабрь ойига режалаштирилган.

З.Алишева - Ғаллаорол туман ФҲДЁ бўлими мудираси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.