Жиззах вилоят ФҲДЁ архиви 3 йилда 43 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатди

Улашиш:

Статистик маълумотлар қаторида аҳолининг демографик ҳолати ҳисоботи алоҳида бўлим сифатида юритилади. Чунки туғилиш, ўлим, никоҳ, ажрим каби фуқаролик ҳолатлари тегишли тартибда ҳисобот юритишни тақозо қилади. Бугунга келиб Ўзбекистон аҳолисининг бу каби маълумотлари архив фондларида қоғоз китоб ва журналларга қайд этилиб келинган. Бу эса ушбу маълумотларни тегишли тартибда сақлаш, уларни асрашга масъуллик талаб қилинар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5278-сон Фармони билан Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ташкил этилган эди. ДХА тизимига эса вилоят ФҲДЁ архивлари ҳам киритилди.

Бунинг натижасида ФҲДЁ архив ҳужжатларини қоғоз кўринишидан, электрон кўринишга ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозиргача вилоят ФҲДЁ бўлимлари томонидан шакллантирилган 1 миллион 900 мингдан ортиқ архив маълумотлари тўлиқ электрон кўринишга ўтказилиши таъминланди.

ФҲДЁ архивидан фуқаролар “Никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш” учун фуқаролар бевосита Давлат хизматлари марказларига ташриф буюришлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат этишар ва хизмат натижасини 3 иш кунида олишар эди. Эндиликда Ягона ФҲДЁ архиви маълумотлари асосида ушбу маълумотларни қисқа фурсатларда қўлга киритиш имкони яратилди.

Жиззах вилояти ФҲДЁ архиви томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича 2018-2020 йиллар давомида жами 43239 та туғилганлик, никоҳ, никоҳдан ажралганлик ва ўлим туғрисида маълумотлар берилиб, шундан 2018 йил давомида 10752 та, 2019 йил давомида 12558 та ва 2020 йил шу кунга қадар 19929 та давлат хизматлари кўрсатилди.

 

Ўғилой Холматова - Жиззах вилоят ФҲДЁ архиви мудираси                                               

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.