Бугунги кунда ижтимоий тармоқларни кузатсангиз давлат органларига нисбатан кўпроқ салбий фикрларга кўзингиз тушади.
У ёки бу муаммоим бартараф этилмади!
Неча йилдирки ҳали-ҳамон ортга суриляпти!
Мутасаддилар ўзлари атайин пайсалга солишмоқда!
Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз шу каби гап-сўзлар кундан-кунга урчимоқда.
Яқинда Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармасига якка тартибдаги тадбиркор томонидан ташаккурнома келди. Буни қарангки ижобий таассуротга эга юртдошимиз Аброр Назирқулов Зомин тумани, Даштобод шаҳарчаси “Бахт” МФЙ да истиқомат қилади. Жорий йилда туман ДХМнинг Даштобод шаҳарчасидаги филиали очилиб фойдаланишга туширилган эди. Тадбиркор ушбу филиалга кадастр паспортини шакллантириш хизмати бўйича ташриф буюрган.
- Кадастр ҳужжати расмийлаштириш осон эмас деб ўйлаган эдим. ДХМ филиали ишга тушганлигини эшитиб, бу ерга келдим. Биз оддий инсонлар ҳуқуқий тарафларига кўп ҳам тушунмаймиз. Лекин ходим бизга содда тилда тушунтириб берсагина масаланинг моҳиятини англаб етар эканмиз. Кўп югурмадим, ишим битди бундан хурсандман! ДХАда ишлаётган барча мутахассисларга миннатдорчилик билдираман, - дейди тадбиркор ўз ташаккурнома хатида.
Бундай илиқ сўзларни эшитиш тизимда ишлайдиган юқори ва қуйи поғона ходимлари учун жуда катта рағбат аслида. Битта инсонни юмушини ҳал этиб, уни рози қилиш ДХА ва унинг худудий ДХМнинг асосий мақсади ҳисобланади. Бу рағбатдан кейин ходимларнинг ишига бўлган муносабати ўзгариши билан бирга икки карра масъулият юклайди.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, Даштобод шаҳарчаси ва унга яқин маҳалла ҳамда қишлоқларда жами 40 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Энг кўп мурожаат этувчи фуқаролар “Чилонзор” ҳамда “Гулистон” МФЙдан. Филиал жорий йилда иш бошлаган бўлсада, фуқароларнинг қадами сезиларли даражада ошган. Шу кунга қадар жами 801 та хизмат кўрсатилган.
Сарвиноз Худойбердиева