БМТТД лойиҳаси доирасида Жиззахда ДХМ ходимлари учун тренинг ташкил этилди

Улашиш:

Давлат хизматлари агентлиги, Европа Иттифоқи ва БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонаси "Ўзбекистон қишлоқ жойларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш" лойиҳасини амалга оширмоқда. 14-21 декабрь кунлари лойиҳа доирасида республикамизнинг 5 та тажриба-синов ҳудудларида семинар тренинглар  ўтказилиши режалаштирилган.

- Жиззах шаҳрида ДХМ директорлари ҳамда ходимлари учун БМТ тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида “Давлат хизматларини кўрсатишнинг ҳозирги ҳолати ва муаммолари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Давлат хизматлари агентлиги тизимида кадрлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу сабабли Европа иттифоқи ва БМТ тараққиёт дастури билан ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширишда бу жиҳат  алоҳида ҳисобга олинган, - дейди лойиҳа менежери Аброр Ходжаев.

 

Дастлаб мутасаддилар БМТ тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида қандай ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида ахборот бердилар. ДХМ фаолиятини такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича таклифлар лойиҳанинг самарадорлигини белгилаб беради.  

Лойиҳа доирасида Сурхондарё вилояти (Сариосиё тумани), Қашқадарё вилояти (Деҳқонобод тумани), Жиззах вилояти (Бахмал тумани), Сирдарё вилояти (Ховос тумани) ва Тошкент вилоятидаги (Нурафшон шаҳри) Давлат хизматлари марказлари тажриба тариқасида танлаб олинган бўлиб, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун мазкур қўшма лойиҳа умумий қиймати қарийб 178 минг АҚШ долларини ташкил этувчи 200 дона ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини (серверлар, шахсий компьютерлар, тармоқ ва телекоммуникация қурилмалари, видеокузатув мосламалари, фойдаланувчи билан алоқа механизмлари ва бошқалар) сотиб олиб, Агентликка тақдим қилди. 

Тажриба учун танланган ҳудудларда камида 5 та янги давлат хизматлари марказларининг техник салоҳиятини ошириш орқали БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқи аҳолининг ишончини ошириш ва ДХМ орқали, айниқса қишлоқ жойларда, давлат хизматларини кўрсатиш механизмларининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

 ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.